«Толибон» Афғонистон ва Покистон чегарасига ўз байроғини ўрнатди

0

«Толибон» ҳаракати Афғонистон ва Покистон чегарасида, Қандаҳор яқинида жойлашган Спин-Болдак назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олган бўлиши мумкин, деб ёзади Meduza BBC News’га таяниб.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувга кўра, «Толибон» жангарилари икки мамлакат ўртасидаги асосий чегарадан ўтиш жойига ўз байроғини ўрнатган. Шунингдек, видеода «Толибон» вакиллари покистонлик чегарачилар билан суҳбатлашаётганини кўриш мумкин.

Афғонистон ҳукумати чегара постининг эгаллаб олинганини инкор қилмоқда. Айни вақтда Покистон расмий шахслари BBC News’га чегарадан ўтиш жойи «Толибон» жангарилари томонидан назорат қилинаётганини тасдиқлади.

Сўнгги бир неча ҳафтдан буён «Толибон» ҳаракати аъзолари Афғонистон ҳукумат кучлари позицияларига ҳужум бошлаб, кўплаб ҳудудларни, шу жумладан, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадаги постларни эгаллаб олди. Бу Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши фонида юз бермоқда, қўшинларни олиб кетиш эса, АҚШ президенти Жо Байденнинг режаси бўйича 2021 йил 11 сентябргача якунланиши керак.

Аввалроқ «Толибон» Тожикистон билан чегарада ўз байроғини ўрнатган эди. Улар 8 июль куни Тожикистон билан чегарадош Панж дарёсидаги кўприкда ўз байроғини кўтарди. 5 июлга ўтар кечаси ҳужумга ўтган «Толибон»га афғон чегарачилари назорат пунктини жангсиз топширган. Ушбу кўприк орқали 312 нафар чегарачи ва ҳарбий хизматчилар Тожикистон ҳудудига ўтишга муваффақ бўлган.

loading...