Ғарбий Европада сув тошқинлари: 170 қурбон, юзлаб кишилар бедарак йўқолган, қутқарувчилар омон қолганларни қидирмоқда (видео + фото)

0

Европа ғарбида рўй берган сув тошқинлари қурбонлари сони 170 нафарга етди, минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишган. Мингдан ортиқ киши бедарак йўқолган, қутқарувчилар табиий офатдан омон қолганларни топишга ҳаракат қилмоқда.

Табиий офатнинг асосий зарбаси Германиянинг ғарбий ҳудудларига тўғри келди – Рейнланд-Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерларига. Биринчисида, маҳаллий расмийларнинг маълумотларига кўра, 90га яқин киши ҳалок бўлган, иккинчисида – 43 киши.

DPA ахборот агентлиги қутқарув хизматларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Юқори Баварияда сув тошқинлари муносабати билан фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.

Кучли ёмғирлар туфайли келиб чиққан сув тошқинлари Бельгия, Нидерландия, Франция, Австрия ва Швейцария ҳудудларига ҳам таъсир қилган. Бельгияда камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Тошқин туфайли Германиядаги Бад-Шандау ва Чехиядаги Дечин шаҳарлари ўртасидаги темир йўл қатнови тўхтатилган. Темир йўл соҳасидаги Deutsche Bahn концерни Дрезден – Прага йўналиши ҳам вақтинча ёпилганини маълум қилган.

Австрия канцлери Себастьян Курц твиттердаги саҳифасида табиий офат мамлакатдаги кўплаб туманларга зарар етказганини маълум қилиб, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатилишига ваъда берган.

Германиянинг Нидерландиянинг Лимбург провинцияси билан чегарадош ҳудудда жойлашган Вассенберг шаҳри яқинида сув тўғонни бузиб ўтган. Қутқарувчилар шаҳарда 700дан ортиқ кишини эвакуация қилган. Шанба куни Вассенберг расмийлари сув оқими тўхтаганини маълум қилишган. «Сув даражаси барқарорлашди, айтиш мумкинки, вазият барқарор. Айтишларича, барчаси жойига тушди дейишга ҳали эрта, аммо биз эҳтиёткорона оптимизм кайфиятидамиз», дея Вассенберг мэри Марсел Мауэрнинг сўзларини келтирган Reuters агентлиги.

Германия ғарбида сув тошқинидан жабр кўрган бошқа туманларда қутқарув операциялари ўтказилмоқда. Қутқарувчилар сув даражаси юқори бўлган ва бу уйлар вайрон бўлишига олиб келган шаҳарларда омон қолганларни қидиришмоқда.

Табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Шимолий Рейн-Вестфалия еридаги Эрфтштадт шаҳрида қутқарувчилар қайиқлар ёрдамида бинолардан бирида қолиб кетган 50дан ортиқ кишини чиқариб олишган.

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жабрланган ҳудудларга ташрифи олдидан табиий офат кўлами жуда жиддий эканини маълум қилди. «Шаҳарлар бутунлай вайронага айланган. Кўплаб одамлар бутун умри давомида қурган барча нарсадан айрилган», деган у матбуот анжуманида.

«Биз томда 13 соат ўтирдик. Бизда овқат ҳам, иссиқ кийимлар ҳам йўқ эди – фақат бир неча бутилкада сув ва кока-кола бор эди, биз ваҳима вақтида фақат шуларни ўзимиз билан олишга улгургандик. Биз ўлиб қолгудек қўрқиб кетгандик. Агар уй қулаб тушса, биз омон қолмасдик», дея ҳикоя қилади Die Zeit нашрига Шимолий Рейн-Вестфалия ва Рейнланд-Пфальц чегарасида жойлашган Альтенар шаҳрида яшовчилардан бири.

Рейнланд-Пфальц федерал ери ҳукумати жума куни ушбу ҳудудда бедарак йўқолганлар сони 1 300 нафарни ташкил этаётганини, аммо бундайлар сони «ҳар соатда камайиб бораётгани»ни маълум қилган.

Немис шаҳарларидан бири аҳолиси вакили рўй бераётган ҳодисаларни «ҳарбий ҳаракатлар зонаси» сифатида тасвирлаган: кўплаб бинолар қулаган, машиналарни эса сув оқими олиб кетган.

Рейнланд-Пфальц ери ички ишлар вазири Рожер Левенц маҳаллий нашрлардан бирига берган интервьюсида қурбонлар сони ортиб боришини айтиб ўтган. «Биз кўп вақтдан буён кўп одамлар билан алоқа ўрната олмаяпмиз, шундай экан энг ёмонига тайёр туриш керак», деган у.

Шанба куни Эрфтштадт шаҳрида бир неча уйлар ва тарихий қалъанинг бир қисми қулаган, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва Шимолий Рейн-Вестфалия ери бош вазири Армин Лашет шу ерга келиши кутилмоқда.

Лашет Христиан-демократик иттифоқи партиясини бошқаради ва шу йил сентябрида бўлиб ўтадиган сайловларда ГФР канцлерлиги учун немис консерваторлари блоки номзоди ҳисобланади. Reuters агентлигининг қайд этишича, ҳалокатли сув тошқинлари умуммиллий овоз бериш жараёни арафасида иқлим ўзгариши муаммоси бўйича дебатларни кўпайтиради.

Европа етакчилари ва олимлар Европа ғарбида ҳалокатли сув тошқинлари келтириб чиқарган кучли ёмғирлар сабаби иқлим ўзгаришлари бўлганини айтишмоқда.

«Биз яна ва яна шу каби ҳодисаларга тўқнаш келаверамиз, бунинг олдини  олиш учун эса иқлим муҳофазаси бўйича зарур чоралар кўришни тезлаштиришимиз керак… чунки иқлим ўзгариши оқибатлари бир давлат билан чегараланиб қолмайди», деган Лашет.

Ғарбий Германияда минглаб одамлар сув тошқинлари сабаб уйларини тарк этган, 100 мингдан ортиқ киши электр таъминотисиз қолган.

Кўплар нафақат бошпанасини, балки бизнесини ҳам йўқотган. «Биз жуда тез сув остида қолдик. Сув сатҳи икки метрдан ошади. Кўриб турганингиздек, сув меҳмонхонамиз пешлавҳасига (вивеска) етган. Бутун хўжалигимиз вайрон бўлди», дейди Гюменддаги меҳмонхона хўжайини Euronews билан суҳбатда.

Deutsche Welle нашрининг ёзишича, Германияда ҳозирги сув тошқинлари Иккинчи жаҳон уруши давридан буён мамлакатда кузатилган энг ҳалокатли табиат ҳодисаси ҳисобланмоқда.

РБК

loading...