Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов вафот этди

0

Ўзбекистон Марказий банки собиқ раиси Файзулла Муллажоновнинг ўғли, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов вафот этди.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Абдумажид Муллажонов узоқ йиллар давомида давлат идораларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ташаббускор раҳбар, самимий инсон эди. Абдумажид Муллажоновнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий қолади», дейилади Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Абдумажид Файзуллаевич Муллажонов 1970 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. 1996 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Кўп йиллар давомида қатор раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритган.

У 2019 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган, 2021 йилнинг мартидан туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Абдумажид Муллажонов Ўзбекистон Марказий банки собиқ раиси, марҳум Файзулла Муллажоновнинг ўғли эди.

poytaxt_uz

loading...