«Муҳташам юз йил» юлдузларидан янги тарихий сериал

0

Мухлислар «Муҳташам юз йил» сериали юлдузлари — Селим Байрактар ва Филиз Аҳметни янги лойиҳада биргаликда кўриши мумкин бўлади.

Туркия кино ижодкорлари томонидан ҳар йили кўплаб бир-биридан қизиқ сюжетга эга сериаллар тақдим қилинишига қарамай, ҳеч қайси лойиҳа тарихий картина «Муҳташам юз йил»нинг муваффақиятини такрорламаган. «Афсона» номли янги сериалда эса ушбу имкон бўлиши мумкин. «Муҳташам юз йил» юлдузларининг унда суратга тушаётгани бу эҳтимолни ҳақиқатга айланишига ҳисса қўшади.

Ижодкорлар, «Муҳташам юз йил»да Сумбул оға роли билан маълум бўлган Селим Байрактар, Нигор халфа қаҳрамонини гавдалантирган Филиз Аҳметнинг янги лойиҳада кўриниш беришини тасдиқлаган. Қолаверса, «Беқарор» сериалидаги роли билан томошабинлар қалбидан жой олган Эбру Шаҳин лойиҳада бош қаҳрамон ролини ижро қилади.

Сериал IX асрдаги воқеалар ҳақида сўзлайди. Сюжетга кўра, қудратли хоннинг ўғли ночор оиланинг қизига ошиқ бўлади. Бирга бўлолмаслигига қарамай, уларнинг туйғулари ҳар қандай синфийликка асосланган хурофотлардан кучлироқ бўлади. Янги картина устида Туркиянинг энг яхши мутахассислари ишламоқда. «Эртуғрул: Тирилиш»ни мухлисларга тақдим қилган Меҳмет Боздағ продюсер, «Элчининг қизи» устида биргаликда ишлаган Айше Ерилмаз ва Седаф Неҳир Эрдем эса сценарий муаллифи сифатида фаолият олиб боради.

Туркиянинг ATV телеканали орқали эфирга узатиладиган сериалнинг уч фасл давом этиши режалаштирилган. Тарихий турк сериаллари ҳамиша машҳурликка эришгани сабаб ижодкорлар юқори рейтинглардан ўрин олишга умид боғлаган. «Афсона» Селим Байрактар ва Филиз Аҳмет карьерасидаги энг яхши сериалларидан бири бўлиши кутилмоқда.

loading...