Фарғонада таксичини ўлдиришда гумонланаётган тўрт киши ушланди. Уларнинг уч нафари вояга етмаганлар

0

Фарғона вилояти Қува туманида 45 ёшли такси ҳайдовчисининг ўлдирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда 19 июль куни «15-16 ёшли болалар 45 ёшли таксичини ваҳшийларча ўлдириб, далага ташлаб кетгани» ҳақида хабарлар тарқалган.

Хабарда айтилишича, Т. исмли фуқаро Фарғона шаҳри «Қиргули» мавзесида жойлашган марказий бозор олдида уч нафар шериги билан кўришиб, такси чақиришга ва унинг ҳайдовчисини тунашга келишиб олган. Шундан сўнг улар такси чақириб, 150 минг сўм эвазига Қува тумани ҳудудида жойлашган «Каркидон» сув омборига бориб қайтишга келишган.

Машина Қува тумани, Толмазор маҳалласида жойлашган «Мухаммадсаид Озодбек» фермер хўжалиги дала майдонига етган вақтда йўловчилардан бири кўнгли беҳузур бўлаётганини баҳона қилиб, машинадан тушган ва ёнидаги ўткир тиғли жисм билан ҳайдовчининг бўйнига урган. Қолганлар ҳам ҳайдовчини ерга тушириб, уни тошлар билан урган, оёқ қўлларига тан жароҳати етказган ва уни ҳушсиз ҳолда ташлаб кетган.

«Газета.uz»нинг аниқлик киритишича, гуруҳ автомашина ва марҳумнинг ёнида бўлган 50 минг сўм пул ҳамда 1 дона Xiaomi Mi Note Pro телефонини босқинчилик йўли билан қўлга киритган. Гуруҳ аъзоларидан икки нафари 2004 йилда туғилган Д.А. ва 2005 йилда туғилган М.Т. мактаб ўқувчилари ҳисобланади.

20 июль куни Фарғона вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «и, п» бандлари (тамагирлик ниятида, бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси 3-қисми «г» банди (Босқинчилик: баданга оғир шикаст етказган ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида 4 нафар шахс (3 нафари вояга етмаган) гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...