Организм учун жуда зарур

0

D витаминининг инсон саломатлигига таъсири қандай экани ҳақидаги маълумотни эътиборингизга ҳавола этамиз.

D витамин кайфиятни кўтариши мумкин

Тоза ҳавода сайр қилганда кишининг кайфияти кўтарилиши бежизга эмас. Бунга қуёш нурларининг D витаминининг манбайи экани сабаб бўлади. Гап шундаки, ушбу витаминнинг кунлик дозаси тушкунликни камайтириб, кайфиятни кўтаради. Тадқиқотлардан бирида D витамини мавсумий тушкунликнинг ҳам олдини олиши мумкинлиги аниқланган.

Суякларни мустаҳкамлайди

Олимлар D витамини етишмаган одамларнинг уни меъёрда қабул қиладиганларга нисбатан тезроқ қаришини аниқлаган. Гап шундаки, D витаминининг етишмаслиги суякларнинг эрта қаришига олиб келиши мумкин. Одатда суяк тўқималари мустаҳкамланишининг яхшиланиши кальций билан боғлиқ, лекин мазкур витамин етарли миқдорда бўлмаса, кальций организмга сингмайди. D витамини етарли миқдорда қабул қилинмаса, сут ва сут маҳсулотларини канда қилмасликнинг фойдаси йўқ.

Иммун тизимини ҳимоя қилади

Мутахассисларнинг фикрича, D витамини иммун тизимининг фаолиятида муҳим рол ўйнайди. Ўз вақтида шифокорлар ушбу витаминдан сил билан касалланган беморларни даволаш учун фойдаланган. Бундан ташқари, D витамини танқислиги билан бир қанча респиратор, мавсумий инфекциялар, шамоллаш, аутоиммун касалликлар ва бактериал инфекциялар ўртасида боғлиқлик бор.

Мия фаолияти учун фойдали

Ёш ўтиши билан когнитив қобилиятлар табиий равишда пасаяди. Олимлар эса айни вақтда D витаминининг етишмаслиги деменция билан боғлиқлигини таъкидлайди. 2012 йилдаги тадқиқотда ўткир етишмовчилиги бўлган кекса ёшли одамларда когнитив қобилиятларнинг пасайиш хавфи тўрт карра кўплиги маълум бўлган. Яна бир бошқа тадқиқотда D витамини кам бўлган кишиларнинг Альцгеймер касаллиги билан касалланиш эҳтимоли ушбу витамин миқдори етарли даражада бўлганларга нисбатан 69 фоизга кўплиги аниқланган.

Сарвқомат бўлишга ёрдам беради

Американинг «Journal of Clinical Nutrition» журналида эълон қилинган тадқиқотда организмда D витамин заҳирасининг етарли миқдорда бўлиши озишга ёрдам бериши таъкидланган. Тадқиқот давомида икки гуруҳ аёлларга D витаминли қўшимча ёки плацебо таблеткаси берилган. 12 ой ўтганидан кейин биринчи гуруҳдаги аёллар ўртача 8 килога, иккинчи гуруҳдагилар эса 5 килога озган.

Узоқ умр кўришга ёрдам беради

D витамини етишмовчилиги билан юрак-қон томир касалликлари ва саратон сабаб келиб чиқиши мумкин бўлган ўлим эҳтимоли ўртасида алоқадорлик бор. Аслида саратон турли сабабларга кўра пайдо бўлишига қарамай, организмдаги D витаминининг етарли миқдорда бўлиши хавфни камайтиришга ёрдам беради.

loading...