Чегарадан учиб ўтган тўппонча

0

Техника асрида яшаяпмиз. Кун сайин инсонларнинг оғирини енгил қилувчи турли-туман кашфиётлар, ихтиролар кундалик турмушимизга кириб келмоқда. Бундан хурсанд бўлишимиз керак, албатта. Аммо ушбу янги техникалардан ғараз ниятда фойдаланишни кўзлаганлар ҳам орамизда учраб туради. Қуйида ана шундай «учар», ўзини юлдузни бенарвон урадиган, деб биладиган йигитлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

2020 йил декабрь ойи. Барчанинг кўнглини тез орада кириб келадиган Янги йил шукуҳи забт эта бошлаган бир пайтда пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган «Қозоғистон» кинотеатри олдида Комил Абдусалимович Ғаффоров (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) таниши Носир Саъдуллаев билан гаплашиб ўтирибди. Комилнинг кўзларини олазарак қилган ҳолда тез-тез у ёқ-бу ёққа нигоҳ ташлаб қўйишидан гап жиддийроқ мавзуда бораётганини англаш мумкин.

— Ака, ҳамма гапдан ўзингизнинг хабарингиз бор, бирор жойга ишлагани кетай десам, оёғим тушовланган, ҳеч қаерга кетолмайман, бу ерда эса кун кўришнинг ўзи бўлмаяпти. Шунга сиз билан бир маслаҳатлашдиган иш бор эди, — дея Комил Носирга қараб синиқ жилмайди.

— Э-э, укам, энди буни ҳаёт деб қўйишибди, бугун бундай, эртага ундай, шунга ҳам сиқилиб, бошингни оғритиб ўтирибсанми? Ундан кўра, маза қилиб яшамайсанми? Бунинг устига ҳали уйланмаган бўлсанг, — деди Носир унинг сўзларига жавобан.

— Ока, маза қилиб яшаш учун ҳам, уйланиш учун ҳам яхшигина соққа керак, менда ҳозир ўша савил муаммо бўлиб турибди, — дея ўзини бечорасифат қилиб кўрсатди Комил.

— Укам, мана, мени айтди дерсан, ҳали ҳаммаси изга тушиб кетади, сен бу ёғидан асло хавотирланма, — деди Носир.

— Ока, ўтган йили Чимкентга бориб ишлаганимда бир-иккита болалар билан танишиб қолгандим. Яқинда ўша йигитлар билан гаплашсам, «Бизда ПМ (пистолет Макаров) бор, шунга харидор топ, уч-тўрт танга ишлаб оласан», дейишяпти. Шунга сиз нима дейсиз? — ниҳоят, мақсадга кўчди Комил.

— Мен нимаям дердим, укам, бўладиган иш бўлса, пайсалга солмасдан тезроқ қилиш керак, бунинг нимасига ўйланиб ўтирибсан?

— Э-э, улар ҳам анойилардан эмас. «Аввал пулини бер, кейин тўппончани етказиб берамиз», дейишяпти-да. Менда эса соққанинг ўзи йўқ.

— Менга қара, Комил, бўладиган ишми ўзи? Олдиндан пулини бериб, кейин чув тушиб қоладиган эмасми, ишқилиб?

— Носир ака, мени биласиз-ку, унақа хом-хатала нарсаларга бош қўшмайман, ишласам, дангал-дангал йигитлар билан ишлайман.

— Ундай бўлса, буни ўйлаб кўрса бўлади, — дея бироз хаёлга толди Носир. Кейин Комилга қаттиқ тикилди. — Тағинам сен бир бошқатдан улар билан гаплашиб кўр, яна тўппончага нечта ўқ қўшиб беришаркин, шуни ҳам аниқлаштир. Чунки ўқи бўлмаса, бу «Макаров» деганларининг оддий темирдан фарқи бўлмай қолади. Хуллас, танишларинг кейин сўзидан қайтиб қолишмайдими, шуни билгин, майлими?

— Сўзидан қайтишмайди, ока, ахир уларнинг ўзи мендан мижоз топишимни сўраб, ялиниб юришибди-ку! — овози ҳийла дадиллашди Комилнинг.

— Қанча сўрашяпти?

— Кўкида олти минг, дейишганди. Лекин гап авзойидан бир-икки танга ўтишлари аниқ.

— Бўлди, укам, бу ишни пишди, деб ҳисоблайвер. Пулни қачон жўнатиш керак у ёққа?

— Қанча тез бўлса, шунча яхши-да, ака, бу ёғи байрамга ҳам яқин қолди, уч-тўрт сўм дегандек, ҳарна рўзғорга фойдаси тегармиди…

— «Макаров»ни шундоқ олиб келиб, менга берсанг, бас, қуртдек қилиб соққасини санаб олаверасан, укагинам, — деди Носир суҳбатдошини бошдан-оёқ кузатар экан.

— Лекин… — чайналди Комил, — тўппончани чегарадан қандай қилиб олиб ўтаман? Мени мана шу ёғи ўйлантириб турибди.

— Вой, менинг соддагина укам-эй, ким айтди сени чегарадан ПМ билан ўтасан, деб? Менимча, сен қайси қайси асрда яшаётганимизни эсингдан чиқариб қўйганга ўхшайсан! Агар шундай бўлса, кўзингни каттароқ оч, Комилвой, ахир ҳозир ким бунақа нарсаларни чегарадан ёнида олиб ўтаркин? Ахир бу ўз бошингни ўзинг кундага қўйиб бериш билан баробар-ку!

Комил ҳайрон бўлиб суҳбатдошига тикилиб қолди. Унинг юз тузилишидан ҳеч нарсага тушунмагани сезилиб турарди. Буни кўрган Носир маза қилиб кулди. Кейин Комилнинг елкасига қоқиб қўйди-да, истеҳзоли оҳангда сўзлай бошлади:

— Сен чегаранинг ташвишини қилмай қўя қолгин-да, бу иш чиндан ҳам бўладиганми ёки йўқми, шундан гапир! Ўзи эркакча ишга юрагинг дов беряптими сенинг?!

— Нималар деб ташладингиз, Носир ака, нега юрагим дов бермас экан? Нима, бир-икки марта бошимни бутимнинг орасига тиқиб, яширган пайтимни кўрганмидингиз? — дарров жаҳли чиқди Комилнинг.

— Кўрмаган бўлсам энди кўрадиганга ўхшайман, — дея уни баттар мазах қилди Носир. — Гапларингдан шунинг ҳиди келяпти?

— Ока, мен фақат тўппончани чегарадан қандай олиб ўтиш ҳақида ўйланиб тургандим…

— Э-э, бу ёғининг ташвишини қилмай қўя қол! Менинг айтганимни қилсанг ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон кўчиши аниқ, — деди Носир ва суҳбатдошига янада яқинроқ сурилиб, унинг қулоғига нималардир дея шивирлай бошлади.

Носирнинг сўзларини эшитиб К. Ғаффоров хурсанд бўлиб кетди ва «Мана бу бошқа гап», деганича, ёнидан мобиль телефонини чиқариб, керакли рақамларни терганидан сўнг ким биландир сўзлаша бошлади.

— Алло, Алтинбек, юмушлар дурустми? Қалай, ҳаммаси режадагидекми? Ҳа, ҳа, фақат, Майскийданми, Черняевкаданми, ишқилиб, чегарадан ўтказиб берсанг бўлди. У ёғини ўзимиз амаллаймиз. Тангасини қачон оласан? Мен бу ёқдагилар билан гаплашиб кўрай, шунга қараб сенга соққасини чиқариб юбораман. Бўлди, Алтинбек, келишдик.

Комил қўл телефонини ўчирганидан сўнг:

— Мана, масала ҳал, сиз айтганингиздек тўппончани чегарадан ўтказиб берадиган бўлишди, — дея тиржайди.

Бир неча кун ўтди. Бу орада Комил ҳамтовоғи билан «TELEGRAM» мессенжери орқали қўнғироқлашиб, унинг кўрсатмаси асосида ўқотар қурол — ПМ русумли тўппончани Қозоғистон Республикасидан олиб келиш мақсадида Носир Саъдуллаевнинг жияни — Абдулҳасаноов Сарвар Анваржон ўғлидан 5800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олди ва шу куннинг ўзидаёқ ушбу пулнинг бир қисми, яъни 4000 АҚШ долларини ўзининг таниши орқали Қозоғистон Республикасида яшовчи «Алтинбек» исмли номаълум шахсга бериб юбориб, пулнинг қолган 1800 АҚШ долларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди.

Шундан сўнг икки ҳамтовоқ 2020 йилнинг 22 декабрь куни кечки вақтда шаҳардаги машҳур «GRAND MIR HOTEL» меҳмонхонасининг ресторанида учрашиб, бирга овқатланишга келишиб олишди. Фақат бу сафар Носир ёлғиз эмас, унинг ёнида яна бир киши — Шамсиддин исмли йигит ҳам бор эди. Гап орасида Комил Ғаффоров уларга тез орада Тошкентга «тўппончанинг тозаси, ҳақиқий эркаги» кираётганлигини айтиб, яна бир бор мақтаниб қўйди. Аммо Носирдан айнан қанча пул олганлигини ва Қозоғистонга қанча пул чиқариб юборгани ҳақида лом-мим демади.

2020 йилнинг 26 декабрь куни тахминан соат 23: 30 ларда дастлабки тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган Қозоғистон Республикасида яшовчи «Алтинбек» исмли шахс Қозоғистон Республикаси ҳудудида бўла туриб, Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган «Ғишткўприк» божхона чегарасидан божхона назоратини четлаб ўтган ҳолда қоғоз қутига жойлаштирилган 1 дона 9 мм ли ПМ (пистолет Макаров) русумли жанговар ўқотар қурол ва 6 дона 9 миллиметрли ўқ-дорини учувчисиз учиш аппарати — дрон ёрдамида контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтказган вақтида Носир Саъдуллаев ашёвий далиллар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМнинг 27. 12. 2020 йилдаги судга оид баллистик экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, 1 дона 9 миллиметрли «Макаров» русумли ўқотар қурол ва унинг ўқдонида бўлган 6 дона 9 миллиметрли ўқ-дори фойдаланиш учун яроқли бўлиб, жанговар қурол ва ўқ-дорилар эканлиги аниқланган.

Суд ҳукмига кўра, мазкур жиноят ишига алоқадор шахсларнинг барчаси қилмишларига яраша жазоланди. Яъни Комил Абдусалимович Ғаффоровга узил-кесил ўташлик учун ойлик иш ҳақидан 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 10 (ўн) ой 3 (уч) кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Саъдуллаев Носир Бахтиёр ўғлига узил-кесил ўташлик учун 5 (беш) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шокиров Шамсиддин Ботир ўғлига ойлик иш ҳақидан 20 % давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда узил-кесил ўташлик учун 9 (тўққиз) ой 6 (олти) кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Темур КАСИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли, журналист

loading...