Жиззах ва Наманганда “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти тарафдорлари қўлга олинди

0

2021 йилнинг 16 июль куни, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Жиззах ва Наманган вилоятларида яшовчи “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти ғояларини қўллаб-қувватлаб келаётган ноқонуний гуруҳ аъзолари ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси хабар қилди.

Мазкур шахслар Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан, ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун жиноий тил бириктириб, мавжуд конституциявий тузумни ағдариш ва исломий “халифалик давлати” қуриш мақсадида аҳоли орасида фаол тарғибот ишларини олиб боришган.

Хусусан, Наманган вилоятида яшовчи, муқаддам ушбу ташкилот сафида фаолияти учун жазо муддати ўтаб озодликка чиққан шахслар ҳукумат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий-иқтисодий ёрдамларга қарамай, содир этган қилмишларидан ўзларига тўғри хулоса чиқармасдан, экстремистик фаолиятларини давом эттириб келган. Ушбу шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти ғояларини қўллаб-қувватлаб, яширин равишда ушбу ташкилот материаллари ва бузғунчи ғояларини аҳоли орасида фаол тарғиб қилиб келганлиги аниқланди.

Шунингдек, тадбир давомида Жиззах вилоятида яшовчи муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти сафидаги фаолияти учун жазо муддатини ўтаб чиққан шахслар, ўз фарзандларига ҳам ташкилот ғояларини сингдириб келганлиги, натижада уларнинг фарзандлари томонидан яширин жиноий гуруҳ ташкил этилиб, ижтимоий тармоқлар орқали ташкилотнинг хорижда бўлган даъватчилари томонидан тайёрланган аудио-видео материалларни тарқатиб келинганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда, фаолиятига чек қўйилган ноқонуний гуруҳ аъзоларига нисбатан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...