Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мамлакатда оммавий тартибсизликларни ташкил қилганликда айбланмоқда

0

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 2020 йил 9 октябрь куни Бишкекда содир бўлган оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирганлиги учун айблов эълон қилинди. Бу ҳақда адвокат Замир Жўшевга таяниб, «Коммерсантъ» хабар қилган.

2020 йил октябрь ойида Бишкекда парламент сайловларида қайд этилган натижалардан норози бўлган оломон оммавий тартибсизликларни юзага келтирганди.

«Алмазбек Атамбаевга 2020 йил 9 октябрда Бишкек шаҳридаги Ала-Тоо майдонидаги оммавий норозиликларни ташкиллаштиргани юзасидан айблов эълон қилинди»,— деган Жўшев «Интерфакс»га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Алмазбек Атамбаевга мазкур иш юзасидан гумондорлик бўйича тақдим қилинган билдиришномада унинг ўз жиноий режасини амалга ошириш ҳамда ҳукуматни эгаллаб олиш мақсадида собиқ бош вазир Омурбек Бабанов, маслаҳатчи Фарид Ниязав ва бошқа шахслар билан тил бириктиргани ҳақида ёзилган.

Адвокат айбловда Алмазбек Атамбаевнинг омма ичига салбий ва тажовузкор кайфият олиб киргани, оқибатда оммавий тартибсизликлар юз бериб, ўқотар қуроллардан фойдаланилгани, тошлар ҳамда бошқа қаттиқ буюмлар улоқтирилгани баён қилинганини билдирган.

«Аслида, 9 октябрь куни Атамбаев ва бошқа сиёсатчилар бош мақсади – мамлакатдаги сиёсий беқарорликни йўқотиш, аввалги қонуний йўлга қайтиш, парламент томонидан муносиб номзодни бош вазир лавозимига сайлаш, шунингдек, ҳукуматни зўравонлик билан эгаллашларига йўл қўймасликни талаб қилиб митинг ўтказганди»,— дейди адвокат.

У мазкур иш бўйича Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тергов бош бошқармасига Омурбек Бабанов ва Омурбек Текебаевни, шунингдек, собиқ президент Сўранбай Жээнбековдан дахлсизлик ҳуқуқини олиб, уни ҳам тергов тадбирларига жалб қилиб, сўроққа чақиришни сўраб, талабнома киритганини айтган.

2020 йил октябрь ойида Қирғизистонда парламентга ўтказилган сайловлардан кейин оммавий тартибсизликлар бошланган. 6 октябрда Алмазбек Атамбаев норозилик билдираётган халқнинг талаби билан 2019 йил 9 октябрдан бери ҳибсда сақланаётган тергов қамоғидан озод қилинган. 2020 йил 9 октябрда Атамбаев машинаси ўққа тутилган, 10 октябрда у яна ҳибсга олинганди.

loading...