Россияга ишлаш учун борган фуқароларнинг берилмаётган маошлари тартибга солинади

0

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон вилояти филиали орқали Россияга ишлаш учун боргани, аммо ваъда қилинган ойлик маошлари берилмаётгани ҳақида мурожаати тарқалди.

Россиядаги бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг йўллаган мурожаати юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Агентлик ахборот хизмати маълум қилишича , Черкесск шаҳридаги “Южный” агрокомбинати корхонасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар мурожаатига асосан уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 14-16 июль кунлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ишчи гуруҳи ушбу корхонага ташриф буюрган.

Ташриф доирасида ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган фуқаролар билан ҳам учрашилган.

Ўрганишлар натижасида мазкур корхонада 2019 йилдан буён 46 нафар самарқандлик юртдошларимиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётгани, 2021 йилда яна 109 нафар андижонлик Ўзбекистонлик фуқаролар иш бошлагани маълум бўлган.

Иш берувчи корхона раҳбарияти билан меҳнат мигрантларининг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича келишув далолатномаси расмийлаштирилган.

Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан юқоридаги мурожаат назоратга олинган.

loading...