Уч ой давомида ойлик маошларини ололмаган ишчилар масаласи ҳал этилди

0

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Бухоро вилояти, Пешку туманидаги “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ ишчи-ходимлари томонидан ойлик маошларини берилмаётгани бўйича мурожаат келиб тушган эди.

Мурожаатда ёзилишича, 20 нафардан ортиқ ходимларга иш берувчи ва бош ҳисобчининг масъулиятсизлиги сабаб, 3 ойдан буён иш ҳақлари тўланмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодексининг 161 моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Қоида тариқасида ҳар ойнинг 15 санасида аванс тўлови, кейинги ойнинг 5 санасигача ойлик маош берилиши керак.

Кодекснинг 154-моддасида эса иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт эканлиги кўрсатилган.

Ушбу мурожаат ўрганилганда “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖнинг 1-сон “Қурилиш монтаж бошқармаси” унитар корхонаси хисоб рақамида пул маблағлари бўлмаганлиги, бажарган ишлари буюртмачи томонидан вақтинчалик кечикканлиги сабабли 20 нафар ишчи ва хизматчиларнинг ноябрь, декабрь, ва январь ойларида жами 130 млн сўмга яқин қарздорлик вужудга келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, тегишли идоралар орқали ишчиларга уч ойлик маошлари ва унга тенглаштирилган тўловлар ундирилишига эришилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакили (омбудсман)

loading...