Ўзбекистон вакцина олиш учун нечта давлатга сўров юборгани айтилди

0

АОКАда 23 июль куни бўлиб ўтган «COVID-19»га қарши вакцинанинг аҳоли саломатлигига таъсири ҳақидаги матбуот анжуманида коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистон вакцина ишлаб чиқарувчи 12 давлатга расман мурожаат қилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, ҳозирда 14 турдаги вакцина дунё бўйича амалиётда қўлланилмоқда. Булардан фақат 6 тасини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон 12 та вакцина ишлаб чиқарувчи мамлакатга расман мурожаат қилган ва улардан ҳалигача жавоб келмаган.

«Ҳозир дунёда вакцинага эҳтиёж жуда юқори бўлгани учун, ишлаб чиқариш қуввати етмаяпти ва ишлаб чиқарилаётган вакциналар ўзларининг давлатлари ва вада бериб қўйганлари бошқа давлатлардан ортмаяпти. ‘АstraZeneca’, ‘Sputnik V’, ‘ўзбек-хитой’ вакцинасидан бошқаларини ҳам Ўзбекистонга олиб келишга ҳаракат қиляпмиз, қачонки уларда имконият пайдо бўлган заҳоти албатта бизни ҳудудимизда қўлланиладиган вакциналарнинг тури ва сони ортиши мумкин», — деди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ Ўзбекистонда қанча фуқарони коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилгани маълум қилинган. Шунингдек, «ZF-UZ-VAC2001» вакцинасининг яна 1 миллион дозаси олиб келингани хабар берилганди.

loading...