Озодбек Назарбеков коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлик сертификатини олди

0

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков коронавирусга қарши вакцинанинг иккинчи дозасини қабул қилиб, тўлиқ эмланганлик сертификатига эга бўлди. Бу ҳақда вазир ўз Telegram каналида маълум қилди

«2021 йилнинг 3 июль куни COVID-19 вирусига қарши вакцина қабул қилган эдик. Айни пайтда вакцинанинг такрорий босқичини қабул қилишдан аввал тўлақонли шифокор кўригидан ўтдик ва эмландик.

Шунингдек, тўлиқ эмланганлик ҳақидаги сертификатни ҳам қўлга киритдик.

Аввал ҳам айтганимиздек, вакцинанинг биринчи босқичини олганимизга 20 кундан ошган бўлса, соғлиғимиз билан боғлиқ ҳеч қандай безовталик ҳолатлари юз бермади.

Тиббиётда маълум бўлишича, инсон организми бир-биридан фарқлангани боис, вакцинация жараёни ҳар кимда ҳар хил кечаркан.

Шу нуқтаи назардан ҳали ҳамон кўпчилик юртдошларимизда ҳадиксираш, қўрқув устунлик қилмоқда.

Халқимизга шуни айтмоқчиманки, вакцина — вирусни енгишнинг ягона чораси экан, вақтни бой берманг. Вирусга қарши эмланиб, ўзингиз ва яқинларингизга чекловларсиз, одатий яшаш тарзига қайтишига кўмаклашинг!», — деб ёзади Озодбек Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 июнь куни «Мен вакцина олдим» акцияси бошланганини эълон қилди. Акция доирасида вазирлик матбуот хизмати деярли ҳар куни вакцина олган юқори мартабали ўзбекистонликлар ҳақида ахборот бериб келмоқда. Улар орасида катта тиббиёт муассасалари раҳбарларидан тортиб, вилоят ҳокими-ю вазирларигача бор.

 Хусусан, Сенат раиси Танзила Норбоева, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эмланган.

 

loading...