Покистон ҳарбийлари Афғонистоннинг «Толибон» эгаллаб олган чегара ҳудудига кирди

0

Покистон ҳарбийлари «Толибон» вакиллари эгаллаб олган, Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятига ўрнашишни бошлади. Бу ҳақда Афғонистоннинг RТА телерадиоэшиттириш компаниясининг видеолавҳасига таяниб «РИА Новости» хабар қилди

«Покистон ҳарбийлари ‘Толибон’ эгаллаб олган ҳудудга жойлашишни бошлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Қандаҳор вилоятидаги Спин-Болдак тумани ‘Назар’ хавфсизлик пости орқали Афғонистон заминига кириб келганини кўриш мумкин», — дейилади телерадиоэшиттириш компаниясининг видеодаги изоҳида.

Аввал «Толибон» Покистон билан чегара ҳудудидаги Спин-Болдак туманини эгаллагаб олгани хабар қилинганди. Мазкур ҳудуд орқали ўтган халқаро автойўл Афғонистоннинг энг катта шаҳарларидан бири Қандаҳорни Покистоннинг Белужистон провинцияси маъмурий маркази Кветта билан ўзаро боғлайди.

Афғонистонда «Толибон» ҳаракати ҳамда амалдаги ҳукумат ўртасида мамлакат бошқаруви учун кураш бошланган. «Толибон» АҚШ ва НАТО қўшинлари мамлакатни тарк эта бошлаганидан кейин қишлоқ ҳамда катта шаҳарларни эгаллаб олган.

Мавзуга доир: «Толибон», АҚШ ва Марказий Осиё. Афғонистондаги вазият ҳақида

2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида тинчлик музокаралари бошланганди. АҚШ администрацияси 2021 йил 29 апрелда Афғонистон ҳудудидан ҳарбийларни олиб чиқишни бошлаган ва ушбу жараённи 11 сентябргача якунлашни режалаштирган. Мазкур ҳаракатлар 2020 йилда Вашингтон ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувда белгиланган эди, мазкур битимда мамлакатда 18 йил давом этган урушни тўхтатиш, хориж қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш ва асирлар алмашинувидан кейин тинчлик учун ички музокараларни бошлаш назарда тутилган.

Мавзуга доир: «Толибон» ва дунё: ким кимга керак?

Аввал «Толибон» Афғонистон чегараларининг 90 фоизини ўз назоратига олгани ва Афғонистонни халқ вакилларидан иборат кенгаш орқали бошқариш режаси борлигини билдиргани, кейинчалик Ашраф Ғани ҳукумати истеъфога чиқсагина, ўт очишни тўхтатишга рози бўлишини маълум қилгани ҳақида хабарлар берилган. Ўз навбатида Ашраф Ғани АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатлашган, суҳбатда Вашингтоннинг 2022-молиявий йилда Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш учун 3 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратиши мумкинлиги хусусида баёнот бергани қайд этилганди.

.

loading...