Қирғизистон президенти бино ичида ҳам қора кўзойнак тақиб юргани сабаби маълум қилинди

0

Сўнгги бир неча кундан буён Қирғизистон президенти Садир Жапаров омма олдида қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнак таққан ҳолда намоён бўлаётган эди, деб ёзади Kloop. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари давлат раҳбари бино ичида ҳам кўзойнагини ечмаётганига эътибор қаратиб, бунинг сабаби билан қизиқа бошлади.

Хусусан, 23 июль куни коронавирусга қарши вакцина олган вақтида ҳам — 26 июль куни «Олтин Қирғизистон заргарлик заводи» корхонасига ташрифи чоғида ҳам кўзойнакда бўлган.

Президент матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Давлат раҳбарига пастки қовоқ энтропиони ташхиси қўйилган, у жарроҳлик аралашувини талаб қилди», — дея аниқлик киритилди.

Қовоқлар энтропиони ёки халқ тили билан айтганда қовоқнинг буралиб қолиши — қовоқнинг чети ва киприклар ичкарига, кўз косаси томонга қайрилиб қолишидан иборат касаллик. Бу муаммо кўзнинг доим қичишиб безовта бўлиб туришига олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 июль куни коронавирусга қарши вакцина қабул қилди. Вакцинациядан сўнг Жапаров фуқароларни ундан ўрнак олиб, коронавирусга қарши эмланишга чақирди. Жапаров Хитойда ишлаб чиқарилган Sinopharm вакцинасининг биринчи дозасини олди.

loading...