Сиёсий партиялар ўз ваколатли вакилларини рўйхатга олишни сўраб мурожаат қилишмоқда

0

Хабарингиз бор, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилди.

Бу, ўз навбатида, Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режадаги тадбирларни ўз вақтида ҳамда босқичма-босқич амалга ошириб боришлари зарурлигини англатади.

Сиёсий партияларнинг ўз ваколатли вакилларини тайинлаганлиги ҳамда уларни ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш ва белгиланган намунадаги мандатни бериш ҳақидаги мурожаатлари Марказий сайлов комиссиясига келиб туша бошлади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, 26 июль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ана шундай мурожаатлар келиб тушди.

Таъкидлаш жоизки, сайлов кампаниясида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқот олиб бориш, талаб этилган ҳужжатларни тақдим қилишни ташкилий равишда тартибга солиш учун Ваколатли вакил фаолияти йўлга қўйилади.

Ваколатли вакил, биринчи навбатда, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал қилиб боради.

darakchi.uz

loading...