Токио-2020 кундалиги. Американинг жаҳли чиқди, Хитой етакчиликни бой берди, байроқсиз ва мадҳиясиз Россия 5 та олтин олди

0

Токио олимпиадасида навбатдаги ўйин куни якунланди. Учинчи кун якунларига кўра 51 жамоа медал қўлга киритди. 23 та мамлакат спортчиларига олтин медал олиш насиб этган ва улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Хитой биринчи эмас

26 июлдан кейин Хитой олимпиячилари етакчиликни бой берди. Олимпиада мезбони Япония атлетлари 8 та олтин медални қўлга киритиб, биринчи ўринга кўтарилишди. Японларга севимли спорт турлари омад келтирмоқда. Мезбонлар дзюдода учта, скейтборддан иккита олтин олишди. 29 ёшида афсонавий спортчилар ҳам ҳавас қиладиган натижаларни қўлга киритиб бўлган дзюдочи Сёҳей Оно бу гал ҳам чемпион бўлди. У Рио олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритганди. Бу йигит ҳозиргача 4 карра жаҳон чемпиони бўлган. Эсингизда бўлса, у 2012 йил Тошкентда ўтган Осиё чемпионати финалида енгилган.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга АҚШ кўтарилди. Биринчи кунни медалсиз якунлаган америкаликлар кейинги икки кунда 14 та медални «қалаштириб ташлашди». Медалларнинг 8 тасини америкаликлар ўзлари учун севимли бўлган сузишдан олишди. Улардан иккитаси олтин. Учта олтинни америкаликларга ўқ отиш баҳслари тақдим этди. Ҳозирча делегация учун энг қадрли медални таэквондочи Анастасия Золотич қўлга киритди. У 57 кг вазн тоифасидаги баҳслар финалида россиялик Татяна Минина устидан ғалаба қозонди.

Байроқсиз Россия 5 та олтин олди

Россиялик спортчилар ўз байроғи ва мадҳиясидан маҳрум қилинган бўлса-да, ёмон иштирок этишмаяпти. Руслар тўрт кунда 14 та медал олишди. Таэквондо, ўқ отиш, сузиш қиличбозликда биттадан олтин қўлга киритилди. Энг зўр олтин гимнастика баҳсларига тўғри келди. Россиялик гимнастикачи йигитлар доимгидек топ даражада иштирок этиб, жамоавий баҳсларда чемпион бўлишди. Охирги марта рус гимнастлари 1996 йил Атланта олимпиадасида олтин олишганди. Янги кунни ҳам руслар жуда зўр бошлашди. Рилов ва Колесников 100 метрга чалқанча сузишда олтин ва кумуш олишди.

Руслар жадвалда тўртинчи бўлиб туришибди. Учинчи ўринда эса Хитой. Ҳозирда Токио майдонларида энг кўп (18 та) медал қўлга киритган хитойлик атлетлар оғир атлетикада энг яхши эканларини исботлашда давом этишмоқда. Улар бу турда аллақачон учта олтин олишди. 55 кг вазн тоифасидаги аёллар баҳсида Ли Куиюн тактик курашда филиппинлик рақибига мағлуб бўлмаганда, Хитойнинг штангадаги олтинлари тўртта бўларди. Яна бир омадсизлик сувга шўнғишда кузатилди. Лондон ва Рио олимпиадаси чемпиони бўлган Кау Юан – Чен Аисен жуфтлиги бу гал иккинчи бўлди. Олдинги икки олимпиадада уларга мағлуб бўлган британияликлар бу гал олтинни илиб кетишди. Шунингдек, стол теннисидаги микс баҳсларида мағлуб бўлган хитойлик атлетлар ҳам мухлисларни ҳайрон қолдиришди. Чунки уларнинг иккиси ҳам Рио чемпионлари эди.

Ҳали кўпчилик давлат эканини билмайдиган Косова жамоаси аллақачон иккинчи олтинни ҳам ютди ва шу сабаб 8-ўринда бормоқда. Косоваликларнинг иккинчи медали ҳам биринчиси каби аёллар ўртасидаги дзюдо баҳсларига тўғри келди. Қўшниларимиз Қозоғистон эса аллақачон учта медални нақд қилиб бўлди – ўртача кунига биттадан медал. Уларнинг биринчи медали дзюдога тўғри келганди, кейинги икки медал оғир атлетика баҳсларида қўлга киритилди. Барча медаллар бронза. Ўзбекистон отни қамчиламаса, ўтган сафарги каби Ўрта Осиё чемпиони бўлиши осон кечмайди. Чунки биз каби олтин олган мамлакатлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Токио ўйинларининг уч куни ортда қолди ҳамки сенсацион тарзда германиялик атлетлар ҳатто кумуш медал олишмади. Немисларда сувга сакраш, камондан отиш ва каноэда қўлга киритилган учта бронза бор холос. Ваҳоланки Риода Германия атлетлари 42 та медал олишган. Шундан 17 таси олтин бўлган. Дарвоқе, Рио билан солиштирганда Япония кескин ўсишга эришди. Японлар Бразилияда бутун олимпиада давомида 12 та олтин олган. Ўз майдонларида эса улар аллақачон уч кунда 8 та олтин олишди. Ҳатто 13 ёшли япон болалар ҳам олтин ютиб юрибди. Косова ҳам аллақачон Риодаги натижасини яхшилади. Бразилияда Косова фақат битта медал олган. Ҳа, аёллар дзюдо баҳсларида олтин.

Олимпиада энди қизиқарли бўлиб бораверади. Жамоавий баҳслар қизийди, медаллар сони кўпаяди. Асосийси, Ўзбекистонда асосий медалга даъвогар атлетлар чиқишини бошлайди.

loading...