Нью-Йорк аҳолисига коронавирусга қарши эмланиш эвазига 100 доллардан тўлаш бошланади

0

Нью-Йорк маъмурияти коронавирусга қарши эмланиш эвазига шаҳар аҳолисига пул тўлашни бошлайди. Бу ҳақда шаҳар мери Билл Де Блазиога таяниб, Meduza хабар берди.

«Шаҳардаги вакцинация пунктларидан бирида COVID-19’га қарши вакцинанинг биринчи дозасини олинг ва 100 долларга эга бўлинг», — дейилади мернинг Twitter’даги хабарида

Шаҳарда ташкил қилинган 443 та вакцинация пунктларидан бирида 30 июлдан бошлаб биринчи инъекцияни олган ҳар бир кишига шаҳар ҳокимлиги 100 доллар тўлайди. Пул олиш учун аҳоли вакцинациядан олдин махсус веб-сайтда рўйхатдан ўтиши керак.

Нью-Йорк мерининг сўзларига кўра, аҳолининг вакцинага бўлган талабини қондириш учун шифокорлар 10 миллион доза вакцинани махсус захиралаб қўйган.

Бу Нью-Йорк маъмуриятининг аҳолини рағбатлантириш ва эмлаш даражасини ошириш бўйича биринчи уриниши эмас. Май ойида штат губернатори Эндрю Куомо фуқароларни эмланишга ва бунинг эвазига 5 миллион доллар ютуқдан иборат лотерея чиптасини қўлга киритишга чақирганди.

Бундан ташқари, шаҳар ва штат ҳукуматлари 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчиларини мажбурий эмлашни бошлайди. Эмланишдан бош тортганлар мунтазам равишда ПЗР- тестидан ўтиб туриши шарт.

Американинг Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Нью-Йорк шаҳрида 4,4 миллион аҳоли тўлиқ эмланди, Нью-Йорк штатида эса 11 миллион, бу аҳолининг 56 фоизини ташкил қилади.

Шунингдек, ўтган кун давомида Нью-Йоркда 929 кишида COVID-19 аниқланди, 108 беморни касалхонага ётқизишга тўғри келди. Бир ҳафта давомида  Нью-Йорк аҳолисининг ўртача 2,5 фоизида коронавирус тасдиқланган.

 

loading...