Сальвадорнинг собиқ президенти халқаро қидирувга берилди

0

Сальвадор ҳукумати мамлакатнинг собиқ президенти Сальвадор Санчес Серенни ва президент Маурисио Фунес ҳокимияти вақтидаги ҳукуматнинг 4 аъзосини ноқонуний бойиш ва пул ювиш иши бўйича халқаро қидирувга берди.

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, Сан-Сальвадор суди Интерполга ушбу шахсларни ушлаш ҳақида кўрсатма бериш тўғрисида қарор чиқарган. Серен 2009 йилдан 2014 йилгача вице-президент лавозимини эгаллаганда пул ювиш билан шуғулланганликда ва ноқонуний бойиганликда гумонланмоқда. Мамлакат бош прокуратураси маълумотларига кўра, ушбу давр давомида мамлакат раҳбарияти парламент маъқулловисиз камида 351 млн долларни ишлатиб юборган.

Ушбу иш бўйича умумий ҳисобда 10 киши айбланувчи сифатида ўтмоқда. Айни вақтда Маурисио Фунес ҳукуматида соғлиқни сақлаш, молия, меҳнат вазирлари ва қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимларини эгаллаган шахслар ҳибсга олинган.

Таъкидланишича, айбланувчилардан баъзилари мамлакат ташқарисига чиқиб кетган. Амалдаги президент Найиб Букеле Санчес Серен 2020 йил декабрда мамлакатни тарк этгани ва қайтиб келмаганини тасдиқлаган. Тахмин қилинишича, собиқ президент ҳозирда Никарагуада қолмоқда.

77 ёшли Сальвадор Санчес Серен 2009-2014 йилларда Сальвадор вице-президенти, сўнгра 5 йил давомида президент лавозимини эгаллаган.

kun.uz