Суриядаги террорчилар сафига қўшилмоқчи бўлган 26 ёшли андижонлик шахс қўлга олинди

0

Андижонда интернет орқали Суриядаги террорчилик ташкилоти ёлловчилари билан алоқада бўлиб, уларнинг таъсири остида Сурияга кетишни режалаштирган 26 ёшли шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, И.О исмли мазкур шахс виртуал тармоқларда террорчиларнинг жиҳод қилишга ундовчи материаллар билан танишиб, уларни интернет тармоқларида тарқатиб келган.

Терроричилик гуруҳ ёлловчилари таклифига асосан фуқаро И.О. 2021 йилнинг апрель ойида Туркия давлатига чиқиб кетган. Маълум муддат террорчиларнинг Сурия ҳудудига ўтказиш билан шуғулланувчи масъуллари назоратида бўлган ва Сурия чегарасига ўтиш ҳудудида турк ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари доирасида И.О. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўзбекистонга депортация қилинган. Олиб борилган дастлабки терговга қадар текширув тадбирлари давомида жиноий фаолияти ўз тасдиғини топган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...