Литвага келган мигрантларда юқумли тери касаллиги аниқланди

0

Маълум қилинишича, касаллик мамлакатнинг Алитус шаҳридаги аввал аэродром бўлган бинога жойлашган мигрантларда аниқланган. Шаҳардаги «Алитус» касалхонаси шифокорлари, шунингдек, оёқ, қорин ва бош оғриғидан шикоят қилган 20 нафар ноқонуний мигрантга ҳам ёрдам кўрсатган.

«Ҳамма нарсани дезинфекция қилишга тўғри келди. Беморлар учун дори сотиб олинди», дейилади хабарда.

Портал маълумотларига кўра, мигрантлар мамлакатнинг турли муниципалитетларида соғлиқ муаммоларига дуч келмоқда. Хусусан, 20 нафар мигрант жойлашган ҳудудга 3 марта тез ёрдам чақирилиб, касал мигрантлар «Сантариска» клиникасига етказилган.

Қайд этилишича, чегара муниципалитетлар мэрлари айни пайтда жуда хавотирда. Чунки касал мигрантларга ким ғамхўрлик қилиши кераклиги аниқ эмас. Литва Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса вазият жиддийлигини, аммо назорат остидалигини айтган.

«Муниципалитетлар биринчи ва иккинчи даражали хизматларни кўрсатиши керак. Оғир касаллар чиққан пайтда эса транспортни ташкиллаштириши лозим», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги канцлери Юргита Гребенковене.

Маълумот ўрнида, қўтир бу — паразитар тери инфекцияси бўлиб, қўтир канаси ёки қичитқиси (Sarcoptes scabiei) билан терининг шикастланиши сабабли келиб чиқади. Патоген қўзғатувчи кўзга оқ ёки сарғиш, кўкнор уруғидан каттароқ бўлмаган нуқта сифатида кўриниб туради.

Касаллик ўта юқумли бўлиб, инкубация даври 14 кунгача. Қўтир касалига чалинган одамнинг терисига бироз тегиниш етарли — қўтир дарров юқиши мумкин, қўтирни даволаш эса ёқимсиз ва узоқ вақт давом этади.

Аввалроқ Россияда 2 киши камёб гафф касаллиги аломатлари билан касалхонага ётқизилгани хабар берилган. Шунингдек, Италияда юзи ва кафтларидан қонли тер ажраладиган қизнинг касалхонага ётқизилгани хабар қилинган ва Россияда ҳайвонот боғи ишчиси тошбақадан хавфли касалликни юқтириб олгани айтилганди.

loading...