Шунча йил сақланиб турганига қойил!

0

Британиялик мўри тозаловчилар 1961 йилда Санта-Клаусга ёзилган хатни топиб олди. Унинг муаллифи ўша йили барибир совғаларни олганини сўзлаб берди

Англиянинг Уэркоп шаҳрида мўри тозаловчилар 1961 йилги Рождество арафаси Санта-Клаусга ёзилган хатни топиб олди, деб хабар беради Esquire.

Ижтимоий тармоқлар орқали унинг муаллифини топишга муваффақ бўлишган — у Суррей графлигида яшовчи 65 ёшли Роберт Кремптон бўлиб чиққан.

Эркакнинг сўзларига кўра, хатни отаси ёзиб берган. Ўшанда Роберт беш ёшда бўлган ва у Санта-Клаусдан «ковбойларнинг костюми, қуроли, шляпаси каби нарсаларни» сўраган. «Менга шулар етади… Эртага кечга кўришгунча», — деб ёзган болакай.

Хат ўз манзилига етиб бормаган бўлса-да, ўша йили Кремптон совғаларини олган — кавбойларникига ўхшаш пистолет ва шерифнинг кўкрак нишони. Орзу реал ҳаётда ҳам амалга ошган: эркак 30 йил полицияда хизмат қилиб, 2013 йилда нафақага чиққан. «Доим шериф бўлишни орзу қилардим ва қайсидир маънода шундай ҳам бўлди», — дейди у.

Кремптон қизлари 1996 йилда вафот этган бобосини хотирлаб юриши учун хатни қайтариб олиш ниятида. Ҳозирда хат уйнинг амалдаги эгаларининг қўлида.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда мексикалик қизалоқнинг Санта Клаусга ёзган хатини америкалик эркак топиб олиб, унинг орзуларини рўёбга чиқарганди. Қизалоқ Санта Клаусдан қўғирчоқ, қўғирчоқлари учун уй ва чизиш учун қаламлар сўраган.

loading...