Жефф Безос дунёдаги энг бой одамлар рейтингида биринчиликни йўқотди

0

Реал вақт режимида янгиланиб турувчи Forbes рейтинги маълумотларига кўра, Amazon асосчиси Жефф Безос дунёнинг энг бой одами мақомини йўқотди.

Айни пайтда Безоснинг бойлиги 192,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Кун давомида унинг бойлиги 6,76 фоизга ёки 13,9 миллиард долларга камайди. Рейтингда биринчи ўринни Louis Vuitton Moët Hennessy (LVMH) эгаси Бернард Арно эгаллади. Forbes маълумотларига кўра, унинг бойлиги 192,9 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

Учинчи ўринда SpaceX асосчиси ва Tesla бош директори Илон Маск турибди. Унинг бойлиги бир кунда 2,2 миллиардга ўсиб, 179,4 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар беради Forbes.

Безоснинг бойлиги Amazon акциялари нархининг тушиб кетиши фонида камайди. Бир кун олдин, 30 июлда акциялар баҳоси 7,56 фоизга тушиб, ҳар бир акция нархи 3,3 минг долларгача пасайди.

Бундай пасайиш компания 2021 йилнинг иккинчи чораги учун ўз ҳисоботларини эълон қилгандан кейин юз берди — технология гиганти сўнгги уч йилда биринчи марта даромадлар ўсиши бўйича таҳлилчиларнинг умидини оқламади.

Ўтган чоракда Amazon’даги соф сотув 27 фоизга ошиб, 113,08 миллиард долларни ташкил этди. Refinitiv сервиси сўровига кўра, таҳлилчилар 115,2 миллиард долларгача сезиларли ўсишни кутганди. Шу билан бирга, даромадларнинг ўсиш суръатлари ҳам аввалгиларидан анча паст эди: олдинги икки чоракда даромадлар 44 фоизга ўсган.

Компаниянинг бош молиявий директори Брайан Олсавскининг изоҳ беришича, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар олиб ташланиши фонида онлайн-харидларнинг оммалашуви пасая бошлагани ҳамда одамлар энди анъанавий дўконларда харид қилишни афзал кўраётгани Amazon сотувларининг ўсишини секинлаштирган.

Эслатиб ўтамиз, Жефф Безос 5 июль куни Amazon раҳбари лавозимидан кетди. Эндиликда у бошқа лойиҳаларга, хусусан, Blue Origin компаниясига кўпроқ эътибор қаратмоқчи. 20 июль куни Жефф Безос коинотда бўлиб қайтди.

loading...