Россияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома бекор қилиниши мумкин

0

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг асосий қисми Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Шу сабабли, ушбу давлатда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ янгиликлар ва кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берамиз.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги томонидан 2020-2022 йилларда Россия Федерациясининг 2019-2025 йилларда давлат миграция сиёсати Концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари доирасида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида чет эл фуқароларига мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома беришни бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Вазирлик меҳнат мигрантларини Россияга чақириш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларини бузган жисмоний ва юридик шахслар реестрини яратишни ҳам таклиф қилмоқда.

Вазирликнинг изоҳ беришича, чет эл фуқароларига мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатномаларни бериш самарасиз тизим ҳисобланади, шунинг учун бу тизимдан воз кечишга қарор қилинмоқда.

Чет эл фуқароларининг биринчи тоифаси бўлган меҳнат мигрантлари ушбу ҳужжатдан аксарият ҳолларда фақат мамлакатда меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш учун фойдаланишади. Россия Федерацияси фуқаролигини олишни режалаштирган чет эл фуқароларининг иккинчи тоифаси учун эса бу ҳужжат ортиқча бюрократик жараён ҳисобланади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида чет элликлар учун Россияда қонуний бўлишнинг қуйидаги учта миграцион тартибини жорий этиш кўзда тутилган:

– биринчиси, чет эл фуқароси Россия Федерацияси ҳудудида бир календарь йили давомида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган вақт ичида бўлган қисқа муддатли яшаш тартиби;

– иккинчиси, чет эл фуқароси Россия Федерацияси ҳудудида бир календарь йил давомида доимий яшаш учун рухсат олмасдан жами 90 кундан ортиқ узоқ муддатли яшаш тартиби;

– учинчиси, муддатсиз доимий яшаш тартиби.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, Россия ҳудудида бўлиб турган меҳнат мигрантлари электрон маълумотларни ўзида жамлаган ягона ҳужжатни олиш шарт ва бу ҳужжат мамлакат ичида шахсни тақловчи гувоҳнома сифатида қабул қилинади.

Ягона ҳужжат қай тартибда расмийлаштирилади?

Ушбу ҳужжатни олиш учун чет эл фуқаролари ҳудудий ички ишлар органларига ариза тақдим этади ҳамда бармоқ излари ва фотосурат топшириб, биометрик текширувдан ўтади. Шунингдек, бошқа шахсларга хавф туғдириши мумкин бўлган гиёҳвандлик ва юқумли касалликлар йўқлигини тасдиқловчи тиббий кўрик талаб этилади.

Ҳужжат ўн йил давомида ҳақиқий ҳисобланади, амал қилиш муддати тугагач ёки фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги каби маълумотлари ўзгарганда уни алмаштириш зарур.

Айрим соҳаларга мигрантларни жалб қилиш соддалаштирилмоқда

Россия Федерацияси қонунчилик фаолияти бўйича ҳукумат комиссияси халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, хусусан, стадионларни қуриш ишлари учун мигрантларни мамлакатга олиб киришнинг соддалаштирилган тартибини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Қонун лойиҳасида йирик халқаро спорт тадбирлари, турли халқаро фестиваллар ва кўргазмаларга тайёргарлик кўриш ва объектларни қуриш ишларига меҳнат мигрантларини жалб қилишда ташкилотчиларга алоҳида устунлик берилмоқда, яъни чет эллик ишчилар учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилмайди.

tarjumon.uz

 

loading...