Бандага ишонч йўқ!

0

Сулаймон алайҳиссалом бир чумолини кўриб ундан:
– Бир кунда қанча буғдой ейсан? – деб сўрабдилар. Чумоли:
– Бир дона, – деб жавоб берибди.
Сулаймон алайҳиссалом унинг олдига бир дона буғдойни қўйибдилар-да, устидан бир косани ағдариб:
– Кунлик ризқингни мен келтириб тураман! – дебдилар.
Эртасига келиб, косани олиб қарасалар чумоли бир дона буғдойнинг ярмини еб, қолган ярмини ушлаб турганмиш! Сулаймон алайҳиссалом чумолига:
– Менга, бир дона буғдойни бир кунда ейман, деган эдинг! Ярми ортиб қолибди-ку!? – дебдилар. Чумоли у зотга қараб:
– Ризқим Аллоҳнинг зиммасида экан, у Зот менга кунлик ризқимни етказишни унутмайди! Бунга ишончим комил! Лекин куним сизга қолгач, эсингиздан чиқиб қолсам-чи, деган хавотир билан ярмини олиб қўйдим. Чунки бандага ишонч йўқ! Ризқ фақат Аллоҳдандир! – деб жавоб қилибди.