Тошкентда эгизакларни ўғирламоқчи бўлган аёлларга ҳукм ўқилди

0

Ҳаётда инсоннинг бошига тушадиган кўпгина нохушликлар унинг ёлғон гапиришидан пайдо бўлади. Алдаш, макр-ҳийла, инсофсизлик, ҳақсизлик, эътиқодсизлик, душманлик каби нарсаларнинг барчаси ёлғон ҳамда ёлғончиликдан вужудга келади. Баъзи кишилар бирор манфаат кўриш учун ёлғон гапиришади. Аслида эса ёлғондан фойда кўриш йўқ. Халқимизда “Ёлғоннинг умри қисқа”, “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” каби мақоллар бор. Қуйидаги жиноят тафсилотлари билан танишар экансиз, айнан шу мақоллар ёдингизга тушса, ажаб эмас.

“Болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш керак…”

Судланувчи Гулсара Иноятова (исм-шарифлар ўзгартирилган) жияни Гулруҳ Жабборова билан олдиндан жиноий тил бириктириб, шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Шавкат Ҳасанов билан муносабатларини тиклаб, у билан бирга яна аввалгидек ҳаёт кечириш мақсадида ундан эгизак фарзандлар кўрганини айтиб, алдамоқчи бўлади. Фуқаро Ҳусния Каримованинг эгизак фарзандлар кўрганидан хабар топиб, аёлга қўнғироқ қилади ва ўзини эгизак фарзанд кўрган аёлларга ёрдам пули ажратиш билан шуғулланадиган комиссия аъзоси, деб таништиради. Ундан эгизакларнинг расмини телеграм рақамига ташлаб беришни илтимос қилади. Расмни олиши билан Шавкат Ҳасановга юбориб, “бу сизнинг фарзандларингиз” деб хабар юборади. Кейин уни янаям ишонтириш учун Ҳусния Каримовага қўнғироқ қилиб, эгизакларни тиббий кўрикдан ўтказиш лозимлигини, уларни ўзи бориб, машинада олиб келишини айтади. Жияни Гулруҳ Жабборовани “ҳамшира”, ўғлини “ҳайдовчи” сифатида шерик қилади. Ҳусния Каримовани поликлиникага киргизиб юбориб, жияни ва ўзи эгизакларни олиб, Шавкат Ҳасановнинг олдига йўл олади. Шу орада уларни йўқотиб қўйган Ҳусния Каримова 102 га қўнғироқ қилади…

“Шаръий турмуш ўртоғимни қайтариш фикри туғилди…”

Судланувчи Гулсара Иноятова суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагича кўрсатма берди:

— Шавкат Ҳасанов билан танишганимга ўн беш йилча бўлди. У шифокор бўлгани учун қўлида даволаниб келганман. Бундан бир неча йиллар илгари у эримдан талоқ олсам, ҳалол йўл билан шаръий никоҳига олишини айтди. Унинг гапи билан эримдан ажрашдим, кейин шаръий никоҳ ўқитдик. Бироз яшаганимиздан кейин келишмовчилик туфайли ажрашиб кетдик. Бир куни аптекага кирганимда бир қоғоз бўлагини кўриб қолдим. Унда эгизак фарзанд кўрган Ҳусния Каримова тўғрисидаги маълумот ва телефон рақамига кўзим тушди. Шунда менда унинг эгизакларидан фойдаланиб, шаръий турмуш ўртоғимни ўзимга қайтариш фикри туғилди…

“Холамнинг ҳаракатларини тушунмадим”

Судланувчи Гулруҳ Жабборова суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

 2018 йилда Тошкент шаҳридаги Жисмоний тарбия ва спорт университетига контракт асосида ўқишга кирдим. Ўқиш учун Қорақалпоғистон Республикасидан Тошкент шаҳрига кўчиб келиб, холам Гулсара Иноятованикида яшай бошладим. Воқеа содир бўлган куни холам менга ўз ниятини ошкор қилгани йўқ. “Биргаликда эгизак чақалоқларни поликлиникага олиб бориб-келамиз”, деди. Холам билан бирга унинг ўғлининг бошқарувида бўлган автомашинада Ҳусния Каримова яшаётган Шайхонтоҳур туманига бордик. Ҳусния Каримова чақалоқлари билан бирга машинага ўтирди. Поликлиникага етгач, холам Ҳусния Каримовага “Сиз ичкарига кириб туринг, болаларни менинг ўзим орқа эшикдан олиб кираман. Бирга кирсак, ҳамма таниш-билишчилик қиляпти, деб ўйлаши мумкин” деб, унинг ўзини ичкарига киргазиб юборди. У кириб кетгач, машинада эгизак болалар билан пойтахтимиздаги ресторанлардан бирига бордик. У ерда холамнинг шаръий турмуш ўртоғи Шавкат Ҳасанов бир эркак билан овқатланиб ўтирган экан. Холам эгизаклардан бирини “бу сизнинг фарзандингиз”, деб қўлига тутқазди. Аммо Шавкат Ҳасанов бола ундан бўлмаганлигини, ДНК қилдиришини айтиб, уларни телефонига суратга олди. Поликлиникага қайтганимида Ҳусния Каримова бизни тополмай, 102 га қўнғироқ қилган экан. Холам “гапирмасдан, фақат эгизаклардан бирини кўтариб туришга ёрдам берсанг бўлди” дегани учун унинг ҳаракатларини тушунмадим, лекин чақалоқлар холамники эмаслигини билардим. Мени ҳамшира, деб таништирганини ҳам эшитганим йўқ, ҳозирда бўлиб ўтган воқеадан чин кўнгилдан пушаймонлигимни инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман.

Ҳукм ўқилди

— Гулсара Иноятова ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилди ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Гулруҳ Жабборова ҳам ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

loading...