АҚШ давлат котиби Хитойнинг ядровий қуроллари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди

0

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Жануби-шарқий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда Хитойнинг ядровий қуроллари кескин кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда Axios хабар берди.

Блинкен, шунингдек, ХХРни Жанубий Хитой денгизидаги провокацияларни тўхтатишга чақирди ҳамда Тибет, Гонконг ва Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганидан ташвишда эканини маълум қилди.

Пекин ва Вашингтон қуролларни назорат қилиш бўйича ўзаро келишувларга эга эмас. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар бир неча бор ХХРни ядровий қуролларнинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича Россия билан биргаликда уч томонлама шартнома тузишга чақирган. 2020 йилнинг июль ойида Хитой ҳукумати АҚШнинг уч томонлама музокаралар бошлаш таклифини қабул қилиш ниятида эмаслигини айтган.

2021 йилнинг июль ойида Америка олимлари федерацияси Хитойда тахминан 350 та фаол ядровий каллак борлигини маълум қилди.

Стокгольм тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) маълумотларига кўра, ядровий кучга эга 9 та давлат — АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва КХДРда 2021 йил бошидаги ҳолатга кўра, жами 1380 та ядро қуроли бор. SIPRI маълумотларига кўра, ушбу мамлакатлар 2020 йил бошида 13,400 дона қуролга эгалик қиларди.

Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN) ҳисоботига кўра, ядро қуролига эга мамлакатлар ушбу турдаги қуролга 2020 йилда 72,6 миллиард доллар сарфлаган.

Аввалроқ НАТО ҳарбий қўмитаси раиси Стюарт Пич Хитой ҳарбий модернизациясининг «ҳайратда қолдирадиган» тезлиги ҳақида огоҳлантирганди. Пичнинг таъкидлашича, НАТОнинг барча аъзолари вазиятни таҳлил қилиб, иттифоқ учун Хитойнинг ҳарбий амбициялари нимани англатишини ҳал қилиши зарур.

daryo.uz