Қирғизистондаги дўконга бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон хабар берган аёл ушланди

0

Маълум қилинишича, 9 август куни кечқурун мамлакатдаги Марказий универмаг биносидан ташриф буюрувчилар ва савдо-кўнгилочар марказ ходимлари эвакуация қилинган. Бунга у ерга бомба қўйилгани, гаровга олинганлар борлиги ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган.

Қайд этилишича, аноним қўнғироқдан кейин Марказий Универмаг ҳудуди дарҳол милиция ходимлари томонидан қуршаб олинган. Воқеа жойига махсус ходимлар жалб этилган. Натижада хабарнинг ёлғон экани маълум бўлган. Шундан сўнг махсус хизматлар бу ҳақда хавфсизлик кучларига хабар берган шахснинг кимлигини аниқлашга киришган.

Маълум бўлишича, гумондор 1994 йилда туғилган Г.З.А. исмли аёл бўлиб чиққан. Тергов маълумотларига кўра, у ўша куни SIM-карта сотиб олиб, бомба ҳамда гаровга олинганлар ҳақида хабар берган. Бунга эса унинг собиқ эри билан ушбу универмаг биносида ижарага олган дўкон туфайли жанжаллашгани сабаб бўлган. Ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жиноят иши бўйича бошқа айбланувчиларни қидиришни давом эттирмоқда.

«Республикадаги айрим фуқароларининг бундай масъулиятсиз, ўйламай қилган хатти-ҳаракатлари хавфсизлик ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кучлари ва воситаларини мамлакатнинг хавфсизлиги ҳамда қонунийлигини таъминлашга қаратилган тўғридан-тўғри функционал мажбуриятларидан чалғитишга олиб келади», дейилади хабарда.

loading...