Xiaomi ўзининг биринчи тўрт оёқли роботини намойиш этди. CyberDog нархи 1500 доллар бўлиб, у салто отишга қодир

0

Xiaomi технологик гиганти ўзининг биринчи робот-итини тақдим этди. Унга CyberDog номи берилган, деб ёзади Meduza.

CyberDog Nvidia’нинг автоном қурилмалар учун мўлжалланган Jetson Xavier NX модули билан жиҳозланган. Компания уни «сунъий интеллектга эга энг митти суперкомпьютер» деб атамоқда.

Оғирлиги уч килограмм келадиган робот-ит сониясига уч метр тезликда ҳаракатланишга қодир ва ярим автоном режимда ҳаракатланиш имконини берадиган сенсор ҳамда камералар билан жиҳозланган.

CyberDog’ни махсус дастур ёрдамида бошқариш мумкин. Робот атрофдаги вазиятни таҳлил қилади, маршрутларни яратади, белгиланган жойни аниқлайди ва тўсиқлардан қочади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. CyberDog, шунингдек, қуйидаги вазифаларни ҳам уддалай олади:

-овозга жавоб қайтариш;

-ўз эгасининг ортидан юриш;

-«панжа»сини узатиш;

-орқага салто отиш.

Xiaomi’нинг маълум қилишича, биринчи босқичда «Xiaomi ишқибозлари, муҳандислар ва робототехникага қизиқувчилар учун» минг дона CyberDog ишлаб чиқаради. Робот-ит нархи тахминан 1500 долларни ташкил этади.

CyberDog Boston Dynamics’нинг машҳур Spot роботидан анча енгил ва секинроқ ҳаракат қилади. Ва ундан сезиларли даражада арзон.

loading...