Ҳар бир аёл билиши керак

0

Томир муаммолари бутун дунёдаги аёлларга таъсир қиладиган энг кенг тарқалган сурункали касалликлардан биридир. Яхшиямки, агар чоралар ўз вақтида кўрилса, муаммони сезиларли даражада камайтириш, ҳатто бутунлай йўқ қилиш мумкин. Асосийси, томирлар саломатлиги билан боғлиқ тавсияларга мунтазам амал қилиш лозим.

Ирсият энг катта хавф омилидир

Варикоз эҳтимолини оширадиган кўплаб омиллар мавжуд, аммо ирсият биринчи ва энг ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Варикоз томирларининг 80 фоизидан кўпроғи ирсийдир. Шунинг учун агар оилада ушбу касаллик ҳолатлари бўлса, соғлиққа эҳтиёт бўлиш керак. Шу билан бирга, қондаги қанд миқдори, ортиқча вазн ва ҳомиладорлик каби омиллар ҳам касалликнинг ривожланиш хавфига таъсир қилади.

Варикоз фақатгина оёқларда пайдо бўлмайди

Тана оғирлиги ва табиий босим туфайли варикоз томирлари кўпинча оёқларда ривожланади. Аммо варикознинг бошқа шакллари бўйин, юз ва тананинг бошқа қисмларида пайдо бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладорликда ёки ёш ўтгандан кейин кўплаб аёллар дуч келадиган бавосил ҳам варикознинг бир кўриниши ҳисобланади.

Ҳаёт тарзининг ўзгариши хавфни камайтириши мумкин

Вазнни меъёрда сақлаш, ҳаракатсиз турмуш тарзидан ва узоқ вақт тик туришдан, тор кийим ва баланд пошнали пойабзаллардан фойдаланмаслик – бу касаллик ривожланиш хавфини сезиларли даражада камайтирадиган оддий амаллардир. Агар одамда ирсий мойиллик бўлмаса, бу профилактика чоралари варикоз ривожланишидан деярли тўлиқ ҳимоя қилиш учун етарли бўлиши мумкин.

Варикоз ташқи кўринишгагина путур етказувчи муаммо эмас

Ҳамма варикоз томирлари даволанишга муҳтож эмас, уларнинг баъзилари фақат косметик муаммо бўлиши мумкин. Аммо симптомларни билиш жуда муҳим, улар пайдо бўлганда, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак: оғирлик, оғриқ, шиш, қичишиш, уйқусизлик, спазмлар ва безовталанадиган оёқ синдроми, ва албатта, агар терида яралар пайдо бўлса, шифокор кўригидан ўтиш керак.

Варикоз томирлари камдан кам ҳолларда фақат битта соҳада ривожланади

Шуни эслатиб ўтиш керакки, битта кенгайган томир бошқа жойларда веноз касалликнинг ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширади. Шунинг учун танада кенгайган томир пайдо бўлса,, профилактика чораларини кўриш ва шифокор томонидан мунтазам текширувдан ўтиш жуда муҳимдир.