Муҳтож аёлларга бепул уй, чароғон ва гулга бурканган кўчалар – бугунги Паст Дарғом (фото+видео)

0

Паст Дарғом аҳли бу йил Мустақиллик байрамини нишонлаш учун Самарқанд шаҳри марказига боришларига ҳожат бўлмайди. Чунки туман марказида байрам тантаналарини ўтказиш учун мўлжалланган ўзига хос майдон ташкил қилинди.

Айтиш мумкинки, туманда байрам тантаналари аллақачон бошланиб кетди. Ҳар куни кечқурун мазкур майдонда ватанпарварлик мазмунидаги куй-қўшиқлар янграмоқда, туманнинг истеъдодли ёшлари ўз қобилиятларини намойиш қилмоқда.

Паст Дарғом туманида юрт Мустақиллигининг ўттиз йиллигига алоҳида тайёргарлик кўрилди. Барча тизим-тармоқларда қайсидир маънода ўсиш ва ижобий ўзгаришлар бўлди.

Жорий йилнинг ўзида инвестиция дастурига асосан туманда 25,8 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан жами 3 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши режалаштирилганди. Хусусан, 21 ва 74-мактаб биноларини реконструкция қилиш ҳамда Камолот маҳалласи Янгиравот массивидан янги мактаб биноси қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шунингдек, туман прокуратураси, департамент ва мажбурий ижро бюроси комплекс бинолари қурилиши учун 8,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ўқувчи фарзандларимиз ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун Нуробод тумани Оқсой маҳалласи ҳудудидан 4 гектар ер майдони олиниб, 220 ўринли янги болалар оромгоҳи қурилиш ишлари давом этмоқда.

Фурқат маҳалласи ҳудудидан намунавий лойиҳалар асосида 80 хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланган. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси қошидаги “Бунёдкор Обод Пастдарғом” ДУК томонидан янги тартибда 4 та кўп қаватли 240 хонадонли (субсидия асосида) кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу турар жой массивлари нафақат аҳолимизнинг уйга бўлган эҳтиёжини қондиради, балки архитектуравий жиҳатдан ўзига хослиги билан ҳудуд кўркига кўрк қўшади.

Паст Дарғом туманида жами мавжуд йўлларнинг умумий узунлиги 1669,9 кмни ташкил этади. Йил якунига қадар маҳаллий аҳамиятдаги 147,5 км йўлларни таъмирлаш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар 50 кмдан ортиқ қишлоқ ички йўллари қум-шағал йўлларга айлантирилиб, ҳозирги кунда асфальт қоплама ётқизиш ишлари давом этмоқда.

“Самарқанд-Жума-Каттақўрғон” автомобил йўлининг Самарқанд шаҳридан Жума шаҳарчасигача бўлган 26 км масофа ҳамда ушбу йўл ёқасида жойлашган Беклар, Пахтакор, Гўзалкент ва Олтиқаҳрамон маҳаллаларида йўл ҳаракати ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тунги ёриткичли устунлар ўрнатилди, кўчалар ёритилди.

Қувонарлиси, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар, фарзандлари меҳрибонлик уйида тарбияланаётган оилалар ҳамда чин етимлар учун янги йил арафасида 2 сотихли 3 хонали 44 та уй-жой қурилди. Тўртта бир қаватли дала шийпонларининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Бу йил Илм ва Тўрттом маҳаллалари “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилди. Ушбу маҳаллаларни обод қилиш учун жами 13908,0 миллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Тан олиш керак, ҳар бир ҳудудда ижобий ўзгаришларни амалга ошириш учун аввало, ишлаб чиқариш, иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори бўлиши муҳим ҳисобланади.

Ўтган олти ой давомида туманда саноат маҳсулотлари ҳажми 321,9 млрд сўм, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 1451,6 млрд сўм, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 231,5 млрд сўм, жами хизматлар ҳажми 506,8 млрд сўм ва чакана савдо айланмаси ҳажми 484,5 млрд сўмга етказилди. Мазкур йўналишларнинг барчаси бўйича йил бошида белгилаб олинган мақсад ва режалар ортиғи билан уддаланди.

2021-2022 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш Дастури доирасида қиймати 3 160,9 млрд сўм бўлган жами 78 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар натижасида 2600 та янги иш ўрни яратилади.

Биринчи ярим йилликда туманда 462 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Шундан 190 таси МЧЖ, 190 таси оилавий, 71 таси хусусий, 11 таси ишлаб чиқариш кооперативи корхоналаридир. Туманда жами кичик бизнес субъектлари сони 3649 тага етди. Йил якунига қадар яна 631 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилади. Айнан ушбу тармоқнинг ривожланиши ҳудудда аҳоли фаровонлигининг ошишига реал таъсир қилишини унутмаслигимиз керак, албатта.

Экспорт ҳажми 4 млн 115,8 минг АҚШ долларни ташкил этиб, ўсиш суръати 248,4 фоизга етди. Йил якунига қадар 17 млн 44,2 минг АҚШ доллар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 240,6 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Дастлаб туманда 5052 та оила “Темир дафтар”га киритилганди. Бугунга келиб ушбу оилаларнинг 4784 таси дафтардан чиқарилди. Ушбу қатламни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 9,3 млрд сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича ҳам ижобий ишлар олиб борилди.

Бу кўрсаткичлар туманда барча муаммоларнинг ечими эмас, албатта. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи деярли ҳар бир чиқишида жамиятда тўпланиб қолган янги муаммоларни ўртага ташлайди, танқидий кўз билан баҳолаб беради. Бу жиҳатлар бевосита Паст Дарғом туманига ҳам тегишли. Шу сабабли ҳудуддаги барча масъул ташкилотлар ва идоралар аввало халқнинг розилиги, фаровон турмуши учун бел боғлаб, хатоларни тўғрилаб ҳаракат қиляпти, десак мақсадли бўлади.

Шу кунларда Паст Дарғом аҳли туман марказида барпо этилган муҳташам майдонда Мустақиллик байрами тантаналарини нишонламоқда. Ушбу майдон фуқароларимизнинг энг севимли жойига айланиб улгурди десак, хато бўлмайди.

Паст Дарғом туман ҳокимлиги ахборот хизмати

kun.uz

loading...