Бу аёлга неча ёш берасиз?

0

Испания қироллик оиласи вакилларидан бири бўлган қиролича Летиция ўзига хос кийиниш услубига эга экани ҳамда сарвқоматлиги билан барчани лол қолдиради. У 48 ёшда эканига қарамай, қандай қилиб қоматини гўзал сақлаб қолишга эришгани ҳақида маълумот бериб ўтамиз.


Маълум қилинишича, қирол Филипп VI рафиқаси спорт шайдоси — у ҳар куни комплекс жисмоний машқлар бажаради, кўп пиёда юради. Шунингдек, ёга ва кучли машқлар билан шуғулланишни ҳам канда қилмайди.

«Қиролича Летиция унга қоматини мукаммал сақлашига ёрдам берадиган маълум тартибга амал қилади. У куч сарфлашни талаб қиладиган машқлар, пиёда юриш ва ёга билан шуғулланишни алмаштирган ҳолда бажаради», — деган унинг оиласига яқин манба.


Мазкур сўзларни тасдиқлаган қироличанинг шахсий тренери Хосе Игнасио Эрнандес-Коронадо бундай қоматга машқлар бажарибгина эришиш мумкинлигини қўшимча қилган. «Ҳафтада уч марта у қўл мушаклари устида ишлайди — қўлларни мустаҳкамлаш куч ва сабр талаб қилади. Аммо қиролича Летиция буни аъло даражада уддалайди. У камдан кам ҳолларда режимни бузади, барча тавсияларни пухта бажаради», — деган Хосе. Қолаверса, Сарсуэл саройида фаолият юритадиган ходимлардан бири қиролича кун тартибига қатъий равишда риоя қилиши, бир вақтда уйқуга ётиб, яна бир вақтда уйғонишини, аниқроғи, соатлаб жисмоний фаолликка амал қилишини таъкидлаган.

«У эрта, тахминан соат еттиларда уйғонади ва сарой ҳовлисида югуради. Шунингдек, тренери у учун махсус машғулотлар режасини ишлаб чиққан. Унга кўра, оғир ва кардиомашқлар алмашган ҳолда бажарилади. Қиролича аввалроқ бокс билан шуғулланган».

Аммо исталган машғулотлар овқатланиш тартибига амал қилингандагина самара беради. Қироллик оиласига яқин манбаларнинг гапидан келиб чиқиб хулоса қилинса, қиролича Летиция буни жуда яхши билади. Қирол Филиппнинг рафиқаси Ўрта Ер денгизи парҳезига амал қилади ва таркибида шакар бўлган маҳсулотлар истеъмолидан тийилади.

«Балиқ, товуқ, шунингдек, баъзи сабзавотлар таркибидаги оқсил мушаклар учун муҳим саналади. Шу сабаб ҳам у оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилишга алоҳида эътибор қаратади», — деган Хосе.

Бундан ташқари, қиролича Летиция яллиғланишни камайтирадиган ва қаришга қарши хусусиятга эга бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишдан иборат Перриконе парҳезига ҳам амал қилиб туради.

loading...