Сурхондарёдаги 6 та маҳалла сув тошқини хатаридан ҳоли бўлди

0

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига Сурхондарё вилояти Узун тумани «Файзобод» маҳалласи ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқаролардан бир неча маротаба мурожаат келиб тушган эди. Уларнинг сўнгги мурожаати 2021 йилнинг 3 июль куни қабул қилинган.

Шуниси эътиборлики, Сурхондарё воҳаси ёғингарчилик нотекис тақсимланадиган ҳудуд ҳисобланади. Жанубий туманлардаги текисликларга ёмғир-қор кам ёғади. Бироқ, тоғ ёнбағирлари бўйлаб кўтарилгач, ёғин миқдори икки баробар ортади. Айниқса, Ҳисор тоғларининг жанубий ёнбағирлари хатарли ҳудуд ҳисобланади. Шу жиҳатдан Сурхон дарёси ўзанининг ўзгариши кўплаб аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ушбу мурожаатларнинг барчаси Омбудсман назоратига олиниб, тегишли ташкилотлар томонидан масала ижобий ҳал этилиши юзасидан чоралар кўрилиши сўралди. Муаммони имкон қадар тезроқ ҳал этилиши учун идоралараро ҳамкорлик асосида кўриб чиқилди.

Мурожаатда баён этилганидек, ҳудуддан оқиб ўтадиган Сурхон дарёси ўзани 90 даражага ўзгариши оқибатида 6 та маҳалла аҳли сув тошқини хавфи остида қолган. Бундан хавотир олган аҳоли ушбу мурожаатни йўллаган. Омбудсманнинг сай-ҳаракатлари билан муаммо тўлиқ ҳал этилди. Жумладан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 3 млрд сўм миқдорида пул маблағлари ажратилиб, Сурхон дарёсининг оқим йўналишининг 1,3 км.лик қисмида ўзанни таъмирлаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди.

Шу кунларда Узун туманининг юқорида тилга олинган ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолидан келиб тушган ташаккурномада фуқаролар муаммонинг ўз вақтида ҳал этилгани учун мамлакатимиз раҳбарияти ва Омбудсманга миннатдорчилик билдирдилар. Эндиликда Файзобод маҳалласи аҳли ҳам тинч меҳнат қилиб, хотиржам яшамоқда.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати

loading...