Ўзбекистон делегацияси Россия ва Қирғизистондаги ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик битимларини имзолади

0

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, “Зиё форум” фан-таълимни ривожлантириш жамғармаси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Россия федерациясининг Ростов-Дон шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий Кенгашига аъзо давлатларининг Ёшларни ўзини-ўзи бошқариш органлари Ассоциацияси I Съездида иштирок этди.

— Мазкур Съезд Евросиё иқтисодий Кенгашига аъзо давлатларнинг ёшлар жамоат ташкилотлари ва кузатувчилари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси в.в.б Шавкат Зайниддинов. — Ташрифимиз мобайнида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш,  таълим ва маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар юритдик. Шунингдек, ёшлар сиёсати, экология, туризм, оммавий ахборот воситалари соҳаларига доир лойиҳаларимиз тақдимотини ўтказдик.

Съезд доирасида Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистон ёшлар ташкилотлари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда йил якунига қадар Евросиё иқтисодий Кенгашига аъзо давлатларининг Ёшларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари Ассоциацияси йўл харитаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Эксперт комиссияси лойиҳа ҳужжатларига Ўзбекистон делегациясининг ёшлар туризми ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича таклифлари киритилди.

Тадбир якунида мамлакатларнинг барқарор ривожланиши жараёнида ёшларнинг фуқаролик иштироки, шунингдек, ёшларнинг мамлакатлараро самарали ҳамкорлигига кўмаклашиш бўйича қўшма икки томонлама тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан Россия Федерацияси Ёшлар ҳукуматлари ассоциацияси ва Қирғизистон Республикаси Бирлашган ёшлар ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик битимлари имзоланди.

— Ҳамкорлик битимлари орқали икки мамлакат ёшлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро фикр алмашиш асосида мамлакатлараро ёшлар масалалари соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Денис Ким. —Ҳамкорлик доирасида илмий-амалий конференциялар, форумлар, семинарлар ташкил этишни ҳам келишиб олдик.