Ўрта Чирчиқда фуқаро эмлашдан вафот этганмиди? Суд-тиббий экспертиза хулосаси эълон қилинди

0

Сал аввал ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи аёлнинг фарзанди  тиббий кўрикдан ўтказилмасдан эмлангани, натижада аҳволи оғирлашиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вазиятни назоратга олганлиги, ушбу ҳолатни  ўрганиш мақсадида тезкор гуруҳ тузилиб, Ўрта Чирчиқ туманига юборилгани ҳақида хабар берилган эди. Айни пайтда ССВ Суд-тиббий экспертиза хулосасини эълон қилди.

Келтирилишича, тезкор гуруҳ таркибига:

– Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, вазирлик бош суд-тиббий эксперти, профессор А. Искандаров;

– Саниратия-эпидемиология ва жамоат саломатлиги хизмати иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Д. Турсунова;

– бош инфекционист Б. Таджиев;

– бош токсиколог А. Стопницкий;

– бош терапевт У. Камилова;

– бош аллерголог И.  Разикова каби мутахассислар киритилган эди.

Мазкур ўлим ҳолати юзасидан Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан суд-тиббий экспертиза тайинланди. Ушбу суд-тиббий экспертиза натижалари эълон қилинди.

—  1983 йил 18 июнда туғилган марҳум С.Қ. шу  йилнинг 10 августида соат 11:00 ларда “Туябўғиз” оилавий шифокорлик пунктида, оилавий шифокор кўригидан ўтказилиб, эмлашга монелик қилувчи ҳолатлар аниқланмагач, вакцинатор ҳамшира томонидан эмланган. Вакцина олгандан кейин  20 дақиқа давомида оилавий шифокор кузатувида бўлган ва акс таъсирлар кузатилмагач, уйига рухсат берилган, — дейди Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, вазирлик бош суд-тиббий эксперти А. Искандаров. — Экспертизада марҳум С.Қ.нинг танасида жароҳат излари аниқланмади.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳум С.Қ.нинг жорий йил 13 август, яъни у эмланганидан 3 кун ўтиб юз берган ўлими эмлашдан сўнг унинг соғлиғида  содир бўлган ўзгариш ва шифокорлар томонидан тавсия этилган препаратлар билан боғлиқ эмаслиги аниқланди.

Ваҳоланки, эмлашга энг асосий монъеликлардан бири ҳисобланган анафилактик шок ҳолати ва бошқа салбий таъсирлар вакцина қилингандан кейин 30 дақиқа ичидагина рўй бериши мумкин.

Шу билан бирга, кимёвий моддалар билан заҳарланиш клиник белгилари ҳам кузатилмаган.

Суд-тиббий эспертизанинг якуний хулосасига кўра, марҳум ҳаётлигида ўткир зотилжам, бош мия ва миячанинг менигоэнцефалити, эпимиокардит касалликлари билан оғриган бўлиб, бу хасталиклар унинг ўлими билан тўғридан тўғри боғлиқликка эга экани аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, бугунга қадар Тошкент вилоятида 1 199 127 доза вакцина эмлаш жараёнларида қўлланилган. Эмланган беморлар орасида вакцина таъсирида бирорта ҳам жиддий салбий таъсирлар кузатилмаган, дейилади хабарда.

darakchi.uz

 

loading...