Ҳар қандай хайрли иш пок ният билан ижобат бўлади – Шавкат Мирзиёев

0

Президент Шавкат Мирзиёев паралимпиячилар билан учрашувда Ҳаким Термизий бобомиздан иқтибос келтирди.
– Мен ушбу учрашувга тайёргарлик кўришда буюк боболаримизнинг ҳикматларини изладим. Биласизки, мусобақаларда вакилларимиз эришган ютуқлар тинимсиз жисмоний машқлар билан бирга, кучли руҳий тайёргарлик, мустаҳкам ирода ва пок ният самарасидир.

Чиндан ҳам, улуғ мутафаккир Ҳаким Термизий бобомиз айтганларидек: “Инсон бирон нарсани йўқотса, қайғурмаслиги керак. Фақат ниятни йўқотса, қайғуриши керак. Чунки, ҳар қандай хайрли иш, пок ният билан ижобат бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, оғир пандемия шароитида Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, катта ютуқларга эришиш осон бўлмади. Мусобақанинг дастлабки кунларида Токио шаҳрида 25 нафар спортчимизга нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўллангани ҳам жиддий муаммолар туғдирди.

Ўз йўналишларида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева сингари дзюдочи қизларимиз шундай сабаблар туфайли баҳсларда иштирок эта олмади.

Давлатимиз раҳбари ушбу спортчиларимиз 2024 йил Парижда ўтадиган Паралимпия ўйинларида ўзларининг нималарга қодир эканлигини албатта исботлашига умид билдирди.

– Мен шу ўринда бу галги мусобақаларда омади келмаган ёшларимизга қарата айтмоқчиман: жаҳондаги энг кучли спортчилар беллашган Паралимпия ўйинларида қатнашиб, ўз салоҳиятингизни дунёга намоён этганингизни ўзи ҳам катта ифтихордир, – деди давлат раҳбари.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here