Россия ва Беларусни бирлаштириш йўлида. Путин ва Лукашенконинг учрашуви интеграция жараёнини тезлаштирадими?

0

Беларусь президенти Александр Лукашенко яна бир марта Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Дунё сиёсатида ушбу икки етакчи ўзаро энг кўп учрашадиганлардан. Бу борада турли ҳазиллар ҳам мавжуд.

Бу гал Беларусь етакчиси Кремлга узоқ йиллардан буён муҳокама қилинаётган интеграциялашув масаласида гаплашиш учун борди. Бу эса беларусларда навбатдаги хавотирларни пайдо қилди.

Навбатдаги учрашувда томонлар интеграциялашув жараёнини янада чуқурлаштириш масаласида 28та келишувга имзо чекишди. Путин матбуот анжуманида хурсандчилик билан барча келишувлар имзоланганини маълум қилди. Унга кўра, томонлар иқтисодиёт бўйича қонунчиликни бирлаштириш, ягона молия бозорини яратиш, солиқ ва божхона қонунчилигини уйғунлаштириш, шунингдек, умумий тўлов валютаси бўйича ишларни жадаллаштириш бўйича келишувга имзо чеккан. Путиннинг айтишича, икки президент ягона макроиқтисодий сиёсат олиб бориш бўйича келишиб олган.

Россия ва Беларусь энергетика борасида ҳам қатор келишувларга эришган. Хусусан, Россия 2022 йилда ҳам 2021 йилдаги нарх билан табиий газ етказиб берадиган бўлган. Икки давлат ягона ҳарбий тизим ҳақида ҳам келишувлар имзолаган. Путин томонлар шундоғам биргаликда «Ғарб-2021» ўқув машғулотларини ўтказганини айтиб ўтган. Унинг фикрича, НАТО давлатлари иттифоқчи давлатлар яқинида «фаолликни оширгани сабаб» биргаликда ҳарбий машғулотлар олиб бориш – нормал ҳолат.

Лукашенко мамлакат ички сиёсатидаги ҳолат ҳақида гапирди ва Путин Беларусдаги ҳолат сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этди. Лукашенко Россия ва Беларусь интеграциялашуви кузатувчилар наздида тўхтаб қолгани, аслида эса бундай эмаслигини айтди. «1,5 йил аввал тизим мавжуд ва амалдаги ҳаракатларга ўтиш ҳақида ўйлаётгандик. Россия ва Беларусь интеграциялашуви танқидчиларига мурожаат қилмоқчиман. Бунда рус ва беларус халқи учун ёмон нарса йўқ. Ҳаммаси халқнинг фаровонлиги учун», дейди Лукашенко.

Шунингдек, у турли таҳдидларда Россия ва Беларусь ҳарбийлари биргаликда ҳаракатланишини олқишлади. «Агар лозим бўлса, Путин билан интеграциялашувни элементар тарзда амалга оширамиз. Агар янада яқинроқ ҳарбий-сиёсий интеграциялашув керак бўлса, Россия ва Беларусь халқининг хоҳишини сезсак, албатта, буни амалга оширамиз», деди Беларусь президенти.

Путиннинг айтишича, томонлар Россия ва Беларусь давлатларини бирлаштириш ҳақида ўйлашмаган ва бу жараён, агар содир бўлса, табиий равишда бўлиши керак. Учрашувлардан кейин маълум бўлдики, Москва сентябрь ойидан 2022 йилга қадар Минскка 630-640 миллион доллар атрофида кредит ажратади. Лукашенко бу суммани тасдиқлади ва бошқа пул керак эмаслигини айтди.

Путин Лукашенкога нима учун келишини сўраганини айтди: «Қилинган ишлар якуни бўйича гаплашиб олиш учун келишингизни сўрагандим. Биз соатларни текшириб олишимиз ва баъзи саволларга ечим топишимиз керак. Шунда ҳукуматлар баъзи келишувларни якунлаши мумкин бўлади. Адашмасам, улар эртага Минскда тўпланишмоқда».

Лукашенко бунга жавобан анча иш қилинганини айтди: «Менимча, бу борада кўп иш қолмади. Ҳар ҳолда ўтган учрашувимиз билан солиштирганда анча иш бўлди. Беш, ҳатто саккиз соатлаб ишлашимизга тўғри келди. Қайсидир маънода бу орқали биз бульдозер каби ҳукуматдагиларга бемалол ишлаш учун шароит қилиб беришимиз лозим».

 

loading...