Халқаро аудиторлик ташкилотида Тошкент молия институти кафедраси филиали очилди

0

Тошкент молия институтида интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, айни вақтда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш бўйича ҳам ҳаракатлар бошланган.

Яқинда “GRANT THORNTON” халқаро аудиторлик ташкилотида Тошкент молия институти “Аудит” кафедрасининг филиали очилди.

Кафедра филиалини очишдан мақсад — ишлаб чиқариш корхоналарида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, талабаларнинг нафақат назарий билим олиши, балки амалий кўникмаларни, халқаро стандартларга мос замонавий аудиторлик билимларини ҳам эгаллашига кўмаклашишдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ёшларни аудиторлик касбига жалб этиш, хусусан, профессионал жамоат бирлашмаларининг тегишли олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлигини таъминлаш вазифаси белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Президентимиз раислигида 2021 йил 16 июнда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ишлаб чиқариш корхоналарида фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, мутахассислик кафедралари филиаллари фаолиятини ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “GRANT THORNTON” халқаро аудиторлик ташкилоти республикамизда юқори рейтингга эга ва халқаро тармоққа аъзо бўлган ташкилотлардан биридир. Ушбу аудиторлик ташкилотида талабаларга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу филиал аудит соҳасида инновацион илмий ютуқлар, илғор хорижий тажрибаларни таълим тизимига жорий этишда муҳим ҳисса қўшади, деган умиддамиз, дейилади институти ахборот хизмати хабарида.

loading...