Жунглиларда 41 йил яшаган “Вьетнамлик Тарзан” одамлар орасига қайтгач саратондан вафот этди

0

Жунглиларда 41 йил яшаган вьетнамлик Хо Ван Ланг одамлар орасига қайтганидан 8 йил ўтгач жигар саратонидан вафот этди.

Нашрнинг маълум қилишича, эркак 6 сентябрда вафот этган. Лангнинг отаси 1972 йилда Вьетнамдаги уруш вақтида АҚШ самолётлари улар яшаган қишлоқни бомбардимон қилгандан кейин рафиқаси ва фарзандлари ҳалок бўлгач, 2 ёшли Ланг билан бирга ўрмонга қочиб кетган. Шундан кейин Ланг умрининг 41 йилини ўрмонда ўтказган. Ота-бола ўтган давр ичида уруш ҳамон давом этмоқда, деб ўйлашган. Бу вақт ичида Ланг ҳақиқий Тарзан каби ҳаёт кечирган, ўрмонда ов қилиш ва у ердаги жонзотларни еб кун кечиришни ўрганган.

Лангнинг отаси бутун оиласи ҳалок бўлган деб ўйлаб юрган, бироқ кунлардан бирида унинг тўнғич ўғли тирик экани ва узоқ йиллардан бери отаси ва укасини излагаётгани маълум бўлган. 2013 йилда у отаси ва укасини Куанг Нгай провинциясидаги Ча Син қишлоғи яқинидан топган ва отасига тиббий ёрдам керак бўлгани учун уларни қишлоққа қайтарган.

Лангнинг отаси унга аёллар борлиги ҳақида умуман сўз очмаган ва у жунглиларда яшаганда фақат 5 кишинигина билган ва улар орасида бирорта аёл киши бўлмаган. “Вьетнамлик Тарзан” одамлар орасида 8 йил ҳаёт кечирган ва бу вақт давомида кимсасиз оролларга сафарлар уюштирувчи компанияда ишлаган Альваро Церезо исмли тадқиқотчи билан учрашиб қолган. Аёллар борлиги ҳақида унга айнан Церезо сўзлаб берган. Эркаклар дўст тутинишган ва кунлардан бирида Церезо Лангдан унга жунглиларда омон қолиш сирларини ўргатишни илтимос қилган. “У мен ҳаётимда учратган энг қизиқ ва жуда мулойим одам эди. Биз жунглиларда юрган кезларимизда мен соатлаб қилган ишни у сонияларда бажариб қўярди”, деб эслаган тадқиқотчи дўстини.

Церезонинг фикрича, одамлар орасига қайтиш жунглиларда ҳаёт кечиришга кўниккан дўстига салбий таъсир кўрсатган. У янги турмушида ўзи учун ноодатий бўлган овқатлар тановул қилишига тўғри келган ва ҳаттоки баъзида спиртли ичимликлар истеъмол қилган. “У бизнинг орамизда бошқа йўқлигидан қайғудаман. Бироқ мен учун унинг ўлими – бу озод бўлиш ҳамдир, чунки у ҳаётининг охирги ойларида қаттиқ азият чекканди”, деб таъкидлаб ўтган тадқиқотчи.

gazeta.ru

loading...