«Миллий тикланиш» партияси TikTok`ни бутунлай блоклашни таклиф қилди

0

«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳамеджанова TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда 8 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда навоийлик мактаб ўқувчиларининг дарс пайти жонли эфир қилиб, ножўя сўзларни ишлатгани эслатиб ўтилган. Кейинроқ ўқувчи қизлар мазкур ҳолат учун узр сўраб, буни ҳазил, деб аташган. Чора кўриш учун материаллар тегишли комиссияга юборилган.

Партия жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган ушбу вазиятни мактаблардаги маънавий муҳитнинг носоғломлиги, тарбия жараёнининг етарли даражада ташкил этилмаётганидан далолат берувчи аянчли ҳолат деб баҳолади.

Қайд этилишича, кечирим сўраш урф, лекин у Ўзбекистон қонунчилигида жазо чораси сифатида ҳуқуқий оқибатни туғдирмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, вояга етмаганлар томонидан қилинадиган бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш керак.

Шунингдек, партия раҳбари ўринбосарининг фикрича, кечирим сўраш» бугун жамиятимизда тобора одатга айланиб қолди. Бироқ уни суиистеъмол қилиш ҳолати кундалик ҳаётда кучайиб бормоқда.

«Партия „Тарбия“ фанини ўқитиш борасида парламент назоратини доимий равишда кучайтириб боради ва олий таълим муассасаларида „тарбиячи“ мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлайдиган факультетларни жорий қилиш ишларини жадаллаштириш лозим деб ҳисоблайди (Афсус, мана икки йилдирки, ушбу масала юзасидан ҳукумат қарорининг ижроси пайсалга солинмоқда)», — дейилади партия ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, «Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг қонуний талаблари» бузилганлиги учун Ўзбекистонда айрим ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланган эди. Фаолияти чекланган ижтимоий тармоқлар номи кўрсатилмаган, аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Twitter, TikTok ва ВКонтакте фаолиятида узилишлар бўлаётганини айтилган.

Кейинроқ, Ўзбекистонда TikTok, Twitter ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов қўйилганидан сўнг, VPN дастурига талаб бирданига ортган.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразоқов ижтимоий тармоқларни бир ойга блокласа, ёшлар китоб ва газета ўқишни бошлаши ҳақида айтган эди. Депутат Расул Кушербаев ижтимоий тармоқларнинг чекланишини «ахборот жуда кулгули ва асридаги абсурд» деб таърифлаган эди.

mt.uz

loading...