Мянмада қаршилик кучлари ҳужуми вақтида 50 нафарга яқин ҳарбий ва полициячи ҳалок бўлди

0

Мянмада ўтган дам олиш кунлари Чин штати ва Магуэй регионидаги маҳаллий аҳоли вакилларидан тузилган қаршилик кучларининг ҳарбийларга ҳужуми вақтида 50 га яқин ҳарбий ва полициячи ўлдирилди. Бу ҳақда The Irrawaddy нашри хабар берди.

Таъкидланишича, 11 сентябрда қаршилик кучларининг 200 га яқин аъзоси Чиндаги қишлоқлардан биридаги постга ҳужум қилган, бироқ кейинроқ ортга чекинган. Ўша куни кечки пайт улар 400 га яқин киши билан яна бир уринишни амалга ошириб, постни эгаллаб олишга муваффақ бўлишган. Отишма вақтида 12 ҳарбий ҳалок бўлган, қаршилик кучларининг 8 жангчиси яраланган. Қаршилик кучлари ҳарбийлардан ўқотар қурол ва ўқ-дориларини тортиб олгач, постга ўт қўйган.

Магуэйдаги полиция постига ҳужум вақтида эса 5 полициячи ҳалок бўлган, қаршилик кучларининг 3 жангчиси яраланган. Воқеа жойига қўшимча куч сифатида юборилган 30 полициячи пистирмадан ўлдирилган.

Мянмада 1 февралга ўтар кечаси ҳарбийлар давлат тўнтаруви амалга оширганди. Мамлакат президенти Мин Вьин ва бош вазир Аун Сан Су Жи ҳокимиятдан четлатилиб, ҳибсга олинганди. Шундан кейин Мянмада ҳарбий хунтага қарши норозилик намойишлари бошланганди. Август ўртасидаги маълумотларга кўра, намойишлар вақтида ҳалок бўлган фуқаролар сони 1006 нафарга етган.

korrespondent.net

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here