Президент Ўзбекистонда сейсмик хавфсизликни таъминлашга оид қонунни имзолади

0

Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжатда белгиланишича, сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектлар жумласига қуйидагилар киради:

-Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликларининг ҳудуди;

-мудофаа, саноат, аграр, энергетика, илмий-техника мажмуалари, сув омборлари ва гидротехника иншоотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, таълим ташкилотлари, жамоат ва турар жой бинолари;

-моддий ва маданий мерос объектлари;

-кўприклар, йўл ўтказгичлар, тоннеллар ва йўллар;

-муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, газ, сув, иссиқлик ва электр таъминоти тармоқлари.

Сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектлар аҳамиятига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

-I тоифа – хавфлилик омили паст бўлган объектлар;

-II тоифа – хавфлилик омили ўртача бўлган объектлар;

-III тоифа – хавфлилик омили юқори бўлган объектлар;

-IV тоифа – хавфлилик омили жуда юқори бўлган объектлар.

Вазирлар Маҳкамаси сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавф даражасини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини доимий равишда олиб боради.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, трансчегаравий ҳудудларда, шунингдек табиий ва техноген хавф юқори бўлган ҳудудларда сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни ташкил этади, кучли зилзилалар юз бериши хавфи пайдо бўлганда уларнинг оқибатларини бартараф этишга доир зарур чоралар кўради ҳамда аҳолини ва давлат органларини кучли зилзилалар тўғрисида тезкор хабардор қилади.

Бундан ташқари, юз бериши мумкин бўлган кучли зилзилалар оқибатларининг бартараф этилишини ҳамда бундай вазиятларда давлат тизими кучлари ва воситаларининг шайлигини, шунингдек, авария-қутқарув кучларининг, махсус техниканинг ва махсус тузилмаларнинг зилзилалар эпицентрида тезкор-қутқарув ишларини амалга оширишга доир доимий шайлигини таъминлайди.

Қурилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг сейсмик хавфсизлиги таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолайди ҳамда назорат қилади.

Электрон техник паспортлар асосида бинолар ва иншоотларни сейсмик жиҳатдан заифлиги бўйича таснифлашда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг инструментал-техник текширувида ҳамда уларнинг зилзилабардошлигини оширишда иштирок этади.

Сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган барча турдаги бинолар ва иншоотларнинг, шунингдек кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик жиҳатдан заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига оладиган электрон техник паспортларни шакллантиради.

Ўзбекистон Республикасидаги қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш, шунингдек мавжуд бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш учун зарур чоралар кўради.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here