Тошкентда дзюдочи Камолиддин Расулов пичоқлаб ўлдирилди

0

Тошкент шаҳрида қашқадарёлик спортчи Камолиддин Расулов бошқа бир спортчи томонидан пичоқланиб, ўлдирилди, дея «Дарё» ўз мухбирига таяниб хабар берди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов буни нашрга тасдиқлаб, воқеа 13 сентябрь куни соат 21:30 да Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлганини маълум қилган.

Унга кўра, 2021 йилнинг 13 сентябрь куни соат 21:30 да 30 ёшли фуқаро Ш. Т. таниши, ҳарбий хизматчи Камолиддин Расуловга қўнғироқ қилиб, ундан харид қилиб олган ‘Humo Trop’ витаминини тавсиясига кўра истеъмол қилгани натижасида соғлиғи ёмонлашганини, шифокорлар бу касалликнинг давоси йўқлигини билдирганини айтиб, уни Учтепа тумани, 14-мавзедаги уйи олдига чақирган.

Улар кўришгач, ўзаро жанжаллашиб қолиб, Ш. Т. ёнида олиб чиққан ошхона пичоғи билан Камолиддин Расуловни турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган.

Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ш. Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

«Дарё» манбаси берган маълумотга кўра, марҳум Камолиддин Расулов Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган, спортчи 29 ёшда бўлган. «Ҳозир марҳумни курашчи Шерали Жўраев уйига олиб кетаётган экан», — дея «Дарё» ўз манбасининг сўзларини келтиради.

«Дарё» манбасининг қўшимча маълумот беришича, спортчининг ўлимига сабаб бўлган Ш. Т. ҳам миллий кураш ва дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлиб, ўзбек миллий кураши бўйича биринчи жаҳон чемпиони — Тоштемир Муҳаммадиевнинг жияни бўлган.

Маълумот учун, олдинроқ Қашқадарёда спортчи Элбек Раҳимов бир неча киши томонидан калтакланиб, пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу воқеадан сўнг бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳамда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Қашқадарёда ОАВ вакиллари ҳамда жамоатчилик билан учрашиб, воқеа тафсилотлари ҳақида гапириб берганди.

loading...