Атом асри ичимлигининг шифобахш хусусиятлари

0

Чанқоқ босувчи ичимликларнинг султони бўлган кўк чой, нафақат чанқоқ босувчи ичимлик, балки бизни ҳамиша соғ-саломат бўлиб, узоқ ва мазмунли ҳаёт кечиришимизни таъминловчи беназир шифо маҳсулоти ҳамдир.

Ватани Хитой бўлган кўк чой таркиби киши организмини ҳамиша соғ-саломат, бардам-бақувват бўлишини таъминловчи юздан ортиқ биологик актив моддаларга бой ичимликдир.

Кўк чой таркибидаги биологик актив модда танин бутун танага куч-қувват бағишлаш билан бирга, кучли яллиғланишга қарши таъсирга ҳам эгадир. Танин моддаси организмга тушган вирусларга, микробларга ва замбуруғларга қирғин-барот келтиради. Агар айрим ўсмаларнинг келиб чиқишида вируслар ва замбуруғлар муҳим аҳамиятга эгалигини инобатга олсак, чой таркибидаги танин моддасининг қанчалик фойдали эканлигини тушуниш қийин эмас.

Кўк чой таркибидаги биологик актив модда — катехин бизни сунъий ва табиий радиациянинг емирувчи таъсиридан асровчи беназир маҳсулотдир. Киши организмида ривожланадиган ёмон сифатли ўсмалар табиий ва қуёш радиацияси баланд бўлган ҳудудларда кўп учрашини ҳисобга олсак, кўк чой таркибидаги катехин моддасининг организмимизда ёмон сифатли ўсмалар ўсишини олдини олишдаги ўрнини тушуниш қийин эмас.

Кўк чой таркибидаги витамин С нинг таъсирида иммун тизим фаоллигини ошиши, бизни оддий яллиғланишдан тортиб, то ёмон сифатли ўсмалар комидан асрайди.

Кўк чой таркибидаги  кучли антиоксидант модда кверцетин таъсирида ички ва ташқи емирувчи омиллар таъсирида организмнинг аъзо ва тўқималарида ҳосил бўлган “қароқчи молекулалар” ни, бошқачароқ қилиб айтганда, “эркин радикаллар” ни нейтраллаб, мавжуд бўлган “оксидатив зўриқиш” ни йўқотади. Тушунарли қилиб айтганда, киши организми аъзо ва тўқималарини емирилиши билан кечадиган дегенератив касалликлар, қариш жараёни ва ҳаттоки, ёмон сифатли ўсмалар ҳам ана шу оксидатив зўриқиш туфайли ривожланади. Демак, кўк чой таркибида организмга кучли антиоксидант модда кверцетиннинг кўп кириши танада мавжуд бўлган емирилиши жараёнларини тўхтатувчи омилдир.

АҚШлик машхур онколог, профессор Уильям Л.Ининг ўтказган илмий текширишлар натижаси шуни кўрсатдики, кўк чой таркибидаги антиоксидант моддалар таъсирида ёмон сифатли ўсмаларни таъминловчи янги қон-томирлар ҳосил бўлмас экан.

Олимнинг бу фикрини тўғри эканлигини жаҳоннинг 300 та илмий текшириш лабораториялари ҳам тасдиқлади. Демак, киши организмида ривожланган ангиогенез ҳодисасини йўқотиш, ёмон сифатли ўсма касалликларининг олдини олувчи, мавжудларини эса ўсишини секинлаштирувчи омилдир.

Кўк чой сийдик ҳайдовчи таъсирга ҳам эга. Кўк чой таъсирида сийдик ажралишининг кўпайиши организмдан қароқчи молекулалар ҳисобланган “эркин радикаллар”нинг чиқиб кетишини кўпайтиради. Агар ҳар қандай заҳар “эркин радикал”  эканлигини инобатга олсак, кўк чойнинг нақадар фойдали ичимлик эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Кўк чой таркибидаги антиоксидант моддалар таъсирида киши организмида ёмон сифатли холестрин синтезини тўхташи атеросклероз хасталиги ривожланишини тўхтатиш йўли билан бизни “Цивилизация касалликлари” комидан ҳам асрайди.

               Бектошев Рахматилла Бектошевич,

Соглиқни Сақлаш аълочиси, олий тоифали нейрохирург, Сам ШТБ Нейрохирургия бўлими бошлиғи.

 

loading...