Буюк Британияда Хитой элчисининг парламент биносига кириши тақиқланди

0

Буюк Британия ҳукумати санкциялар туфайли Хитой элчиси Чжэн Цзэгуанга парламент биносига киришни тақиқлади. Бу ҳақда Жамоат палатаси спикери Линдси Хойлга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Парламент вакилининг сўзларига кўра, Хитой элчисига палата биносида учрашувлар ўтказишга рухсат бериш ноўрин, чунки Пекин бир нечта британиялик депутатларга санкция қўллаган.

«Агар ушбу санкциялар бекор қилинганида эди, албатта, ҳеч қандай муаммо бўлмасди. Мен учрашувларни ўтказиб бўлмайди, демоқчи эмасман. Фақат санкциялар амалда экан, уларни бу ерда ўтказиш номақбул деб айтаман», — деди Хойл.

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси Британия парламентининг қарорини танқид қилди. «Бу Британия парламентидаги бир қатор сиёсий мақсадли шахсларнинг Хитой ва Буюк Британия ўртасидаги нормал алмашинув ва ҳамкорликка тўсқинлик қилиш йўлидаги қўпол ва разил ҳаракати», — дейилади дипломатик миссияда.

Март ойида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Шинжон-Уйғур автоном ҳудудидаги инсон ҳуқуқлари ҳолати тўғрисида «ёлғон ва нотўғри маълумотлар туфайли» британиялик тўққиз киши ва тўртта ташкилотга қарши санкциялар жорий этганди.

Ўз навбатида АҚШ, Канада ва Буюк Британия уйғурлар ҳуқуқлари бузилиши туфайли Хитой расмийларига қарши санкциялар киритган.

loading...