Ўзбекистонликларга нотариус орқали чет эл валютасида ўзаро қарз олишга рухсат берилди

0

Президенти фармонига мувофиқ, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловлар олиб ташланмоқда. Жисмоний шахсларга нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтаришга рухсат берилади. Шунингдек, 2022−2023 ўқув йилидан ОТМда ўқитиш бўйича шартномалар электрон шаклда тузилади.

14 сентябрь куни президентнинг «Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармон нусхаси «Газета.uz»да мавжуд.

Фармон айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш ва шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратишни кўзда тутади.

Хусусан, фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 декабрдан қуйидаги амалиётлар бекор қилинади:

  • банкларга етказилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида тўловни олдиндан белгилашга доир талаб;
  • қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб.

Таъкидланишича, юқорида назарда тутилган ҳолатларда олдиндан тўлов ва аванс томонларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.

Фармонда жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилиши белгиланган.

Шунингдек, фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан шартномавий муносабатларнинг қуйидагича тартиби амал қилади:

  • суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўрсатилган тавсифларига мос келмаган ёки мол-мулк аукционда сотилгунгача учинчи шахс тасарруфига ўтиб кетгани аукциондан сўнг аниқланган ҳолларда ҳолибга закалат пули мурожаат қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайтариб берилади.
  • шартнома тарафи иккинчи тарафдан шартнома мажбуриятларини бажаришни қабул қилганда, уни кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақли эмас;
  • давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади;
  • тадбиркорлар солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорликни тўламаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка қарздорликка тенг пулни музлатиб қўйиш ва уни 30 кундан сўнг ундириш тўғрисида фармойиш юборади ва бу ҳақда тўловчини хабардор қилади;
  • коммунал, энергия, алоқа хизматлари, йўловчи ва юкларни ташишга оид табиий монополиялар ишлаб чиққан шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилади.

Фармонга мувофиқ, электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотди қилинганда ва бошқа битимлар тузишда эскроу тизими жорий этилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати билан тузиладиган энергетика, кон-металлургия, алоқа соҳасидаги инвестиция шартномаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш босқичида етакчи халқаро консалтинг ва юридик компаниялар жалб этилади.

2022−2023 ўқув йилидан бошлаб ОТМда ўқитиш бўйича шартномалар электрон шаклда тузилади.

Бундан ташқари, фармонда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартлар ишлаб чиқилиши ва шартномалар намуналари «yurxizmat.uz» махсус ахборот порталига жойлаштирилиши белгиланган.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here