Бор йўғи 23 ни қоралаган!

0

1998 йилда Бухоро шаҳрида туғилган ва ҳали ёш бўлишига қарамасдан муқаддам бир неча маротаба содир этган турли жиноятлари учун судланиб, умрининг бир қисмини аллақачон қамоқда ўтказишга ҳам улгурган фуқаро А.Ш.нинг бу сафарги «қилиғи» ҳаммасидан ўтиб тушди.
У жорий йилнинг 16 июль куни тонгги 7:30 ларда Бухоро шаҳар А.Жомий кўчаси 44-уй олдида “А” исмли аёл таниши билан жанжаллашиб унинг юзига тарсаки туширади. Ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси кичик сержант И.Шодиев ушбу тортишувнинг гувоҳи бўлиб, ҳолатни қонуний ҳал қилиш учун уларнинг олдига боради.

Фуқароларнинг ҳужжатларини тақдим этишини ҳамда ўзини таништиришини талаб қилган ҳарбий хизматчига фуқаро А.Ш. фаол қаршилик кўрсатади. Натижада турмуш ўртоғи билан жанжаллашаётганлигини ҳамда ходимнинг мазкур ҳолатга аралашмаслигини айтади.

– Табиийки, ўз касбига содиқ Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси вазият чигаллашаётганлигини ҳамда фуқаро А.Ш.нинг маст ҳолатда эканлигини кўриб, шерикларини ёрдамга чақиради, – дейди Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси офицери, катта лейтенант Муроджон Раҳматуллаев.

– Ҳамкасблари келгунига қадар, жанжални бир оз бўлсада юмшатишга уринади. Ходимлар етиб келгандан сўнг фуқаро А.Ш.нинг қаршилик қилишига қарамай уни хизмат автомашинасига миндиришга ҳаракат қилишади. Бироқ ичкилик таъсиридаги фуқаро А.Ш. машинага минишни хоҳламайди. Куч ишлатишга мажбур қилган фуқаро А.Ш.нинг қўлини қайиришга муваффақ бўлган ходимлар уни автомашинага юклаётганида, ғазаб ўтида ёнаётган фуқаро ходимларнинг биридан «ўч олади».

Гап шундаки, типирчилаб, қочиб кетишга уринган вақтида бехосдан ерга йиқилиб тушган кичик сержант И.Шодиевнинг оёқларига қаттиқ зарба билан уриб, жароҳат етказади.

– Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган фуқаро А.Ш. жанжални олдини олиш учун келган Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси кичик сержант И.Шодиевга Суд тиббий экспертизасининг хулосасига асосан оғир тан жароҳати етказган деб топилди, -дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Юридик хизмат бўлими бошлиғи, адлия майори Зулфиддин Мавлонов.

– Ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан хизмат вазифасини бажараётган кичик сержант И.Шодиевнинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-модда 3-қисми “г” бандида кўрсатилган жиноятни содир этган А.Ш.га нисбатан мазкур модда билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, ўзи содир этган қилмиши аянчли оқибатлар билан якунланган фуқаро А.Ш. энди қонун олдида жавоб беради.

loading...