Расулхон Қодирхонов: “Фурқат тарихда ўзига хос ўрин қолдирган етук инсон”

0

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан етук ўзбек адиби Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳаёти ва ижодига бағишланган “Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда” ҳужжатли фильми суратга олинди.

Унда бош ролни маҳоратли актёр, «Шуҳрат» медали соҳиби Расулхон Қодирхонов ижро этган. Актёр фильм ҳақидаги таассуротларини сўзлаб берди:

“Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда” ҳужжатли фильмида бош ролни ижро этдим. Тарихий образни яратиш инсондан жуда катта маҳорат талаб этади. Ижрода мен кўп тарафлама фильм режиссёр Музаффар Қорабоевга суяндим. Уларнинг берган вазифаси ва кўмаклари билан ишладим.

Фурқат фақатгина адиб эмас, балки у тарихда ўзига хос ўрин қолдирган етук инсон. Айниқса, ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси Алишер Навоий ижодини ҳам ўзгача меҳр ва қунт билан ўрганган. Мазкур ролни ижро этишдан олдин Фурқат ижоди ва ҳаётини тўлиқ ўрганиб чиқдим.

Кинокартинада ижодий жамоа билан қизғин тарзда ишладик. Съёмка жараёнлари атоқли адиб Ҳамзанинг уй музейида, Қўқон шаҳридаги жоме масжидида, “Ўзбекфильм” павильонида ва бир қанча диққатга сазовор жойларда бўлиб ўтди. Жараён тугагунга қадар мен Фурқат яшаган даврда яшагандек бўлдим ва унинг шеъриятини қалбан ҳис этдим!”

 

loading...