Оддий ва зарарсиз: сочларни дазмолламасдан текислашнинг 5 усули

0

Одатда сочни текислаш учун махсус дазмолдан фойдаланилади. Дазмол сочни текислаши шубҳасиз, аммо унинг бир қанча зарарли томонлари ҳам бор. Масалан, иссиқ ҳароратда ишлайдиган дазмол сочни куйдиради, толаларни синдиради ва натижада соч тўкилиши ортади. Қуйида дазмолсиз ҳам соч текислаш усулларини билиб олинг.

Кондиционер

Албатта, бальзам сочларингизни мукаммал текис қила олмайди, лекин жингалакларни маълум даражада йўқ қилади. Бунинг учун маҳсулотни одатдагидан узоқроқ ёки ниқоб сифатида ушлаб туриш керак. Энг муҳими, кондиционерни соч илдизига суртиш мумкин эмас.

Соч учун ёғлар

Соч парваришида кокос, бодом ёки арган ёғларидан фойдаланиш мумкин. Улар сочларни зичроқ ва оғирроқ қилади, бу эса текислаш эффектини беради. Шу билан бирга, сочлар ранги янада гўзаллашади.

Фен

Дазмолсиз ҳам мукаммал текис сочларни хоҳловчилар сочни феннинг совуқ ҳавоси билан қуритиши лозим. Бунинг учун фен ёрдамида сочларни тараш керак. Бир оз нам сочларни тараб, фенни тароқ билан бирга ҳаракатлантириш кифоя. Ҳаво оқими илдизлардан то сочнинг охиригача етиб бориши керак. Натижа дазмолникидан қолишмайди.

Тога

Тога ёки салла – Лотин Америкасида сочларни фенсиз ва дазмолсиз текислаш усули. Сочлар табиий равишда ювилади ва қуритилади, қисмларга ажратиб, бош айланаси бўйлаб ўралади. Сочни рўмол ёки сочиқ билан ўраб, ухлашга ётилади. Эрта тонгда эса мукаммал силлиқ сочларни кўриш мумкин.

Соч тасмалари

Бу усул аввалгисига қараганда анча тез ва самараси ҳам ундан кам эмас. Ётишдан олдин сочларни иккига ажратиб, бошнинг пастки қисмига йиғилади. Сўнгра сочнинг учигача 3 сантиметр оралиқда эластик тасмалар тақилади. Эрталаб эластик тасмаларни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаш ва яхшилаб тараш кифоя.

loading...