​​«Президентга қарайдиган шифокор ҳам ёрдам бера олмаган». Маҳмуд Намозов 12 ёшли ўғлининг бевақт ўлимини изтироб билан ёдга олди 

0

​​«Президентга қарайдиган шифокор ҳам ёрдам бера олмаган». Маҳмуд Намозов 12 ёшли ўғлининг бевақт ўлимини изтироб билан ёдга олди.

Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов «Чотки ТВ» ЁуТубе-каналига интервью берди. Интервью давомида хонанда бир неча йил аввал фарзанд доғини кўргани ҳақида изтироб билан сўзлаб берди.

 

«Бу воқеа Тошкентга энди келганимда юз берган. Сурхонда ўзига яраша обрў-эътиборга эга эдим. Тошкентга келиб, катта қозонда ҳам қайнаб кўрайлик деб, шу ерга келганмиз ва жарга қулаб кетганмиз. Ҳеч ким бизга ёрдам бера олмаган. Олдин бизга ёрдам берамиз, деган одамлар секин ўзларидан четлаштирган. Икки ўғлим Успенский номидаги мусиқа мактаб-интернатида ўқирди. олти кун ўқиш, бир кун уйга дам олишга келарди. Катта ўғлим 14, иккинчим 12 ёш. Каттам барабанда, иккинчим виолончелда ўқийди. Қишки таътилда уйга келганида кичкинам фақат ётиб ухлайди. Биз унинг нега бунча кўп ухлашини тушуна олмаймиз. Кейин билсак, у гепатитнинг оғир формасига чалинган экан. Билмай қолибмиз. У ёқ, бу ёққа кўрсатгунимизча, 5-10 кун ичида бола кўз ўнгимизда ўлиб қолди. Ҳеч нарса қила олмай қолдик. Энди у пайтдаги дод-войни кўрсангиз эди, аҳволимиз жуда абгор эди. Пулим, имкониятим бор, лекин ҳеч нарса ёрдам бера олмади. Ўша пайтда президентга қарайдиган шифокор ҳам келиб кўриб, кеч қолганимизни айтди. Сариқ касалнинг оғир формасига учраган экан, боламиз қўлимизда жон берди. Сурхондарёга қўйиб келишимиз керак. Шунақа қалин қор ёғган, тизза бўйи келади. Уч машинага бўлиниб, йўлга чиқдик. Йўллар яхмалак, юриб бўлмайди. Соатига 20-30 километр тезликда юряпмиз. Ҳайдовчилар чарчаб, ҳолдан тойиб қолди. Ўғлим менинг машинамда. Ҳайдовчилар чой ичишга тушиб кетди. Тасаввур қилинг, машинада ўтирибсиз, туширилган олд ўриндиқда болангизнинг танаси ётибди. Шу пайтда Тошкентга бориб, нима топдим, деган ўйлар ўтган хаёлимдан. Шунинг учун келдимми, деганман», — дея ҳикоя қилади Маҳмуд Намозов.

 

Хонанданинг айтишича, фарзандининг ўлимидан сўнг у қаттиқ тушкунликка тушиб қолган.

 

«Тошкентга қайтиб, ўғлимнинг еттисини бердик. Ўша пайтда ҳаёт тўхтаб қолгандек бўлди. Икки-уч кун уйда фақат ётганман. Аёлим ўшанда туғруқхонада ишларди. У ишга чиқиб кетди. Бир куни у ишдан келдида, қачонгача ётасиз, бўлди энди, қолганларига умр берсин, деди. Аслида, у мендан кўпроқ куйиши керак, лекин у менга далда бўлган. Бу воқеани эслашни ҳам хоҳламайман. Ҳозир эслаётганим — бошингиздан ўтказганингизни кимгадир айтсангиз, унга фойдаси тегиши мумкин. Кимдир отасини йўқотади, кимдир пулини, кимнингдир уйи ёниб кетади, ҳаётда йўқотишлар бўлади, лекин бу дегани ҳаёт тугади, дегани эмас, Аллоҳнинг ишига ҳеч қачон шак келтириш керак эмас. Ҳаёт синовларидан муносиб ўтсаккина, уларнинг орқасидан бизга мукофот берилади», — дейди хонанда.

loading...